
Reuters / Scanpix / LETA
Z-патриотлар ашаддий нацистлар деб ҳисобланган «Азов» жангчилари Путиннинг яқин одами, украиналик Виктор Медведчукка алмаштирилганига қандай муносабатда бўлишмоқда?
21 сентябр куни кечқурун Россия ва Украина ўртасида уруш бошланганидан буён энг йирик ва катта эҳтимол билан энг муҳим асирлар алмашинуви бўлиб ўтди. Украина ҳукуматига кўра, 215 киши россияликлар асирлигидан қайтарилган:
- «Азовстал» мудофаасидаги беш қўмондон;
- 124 офицер;
- «Азов» полкининг 108 жангчиси;
- Украина томонида жанг қилган хорижликлар (жами 10 киши), жумладан «ДХР»да ўлимга ҳукм қилинган икки британиялик ва бир марокашлик;
- Оленивкадаги портлаш вақтида яраланган саккиз ҳарбий.
Украина Россияга 55 ҳарбий ва «Путиннинг куми» Виктор Медведчукни (Путин унинг катта қизининг чўқинтирган отаси ҳисобланади) қайтарган. У Киев томонидан давлатга хиёнатда айбланган. «Рыбарь» телеграм-каналига кўра, асирликдан қайтарилган россияликлар орасида қуйидагилар бор:
- майор ва подполковник;
- олти нафар кичик офицерлар ва тўрт нафар прапоршчик;
- 40 нафар оддий аскар ва сержантлар;
- «ДХР» «халқ милицияси»дан икки, «ЛХР» «халқ милицияси»дан бир киши.
«Рыбарь» Россияга яна 32 киши қайтиши кераклиги ҳақида ёзган.

Фото: Reuters
Украинага 200 нафар атрофида ҳарбий хизматчи қайтгани тўғрисида Украинада телемарафон эфирида ҳам маълум қилинди: президент офиси раҳбари Ондрий Ермак Володимир Зеленский олдида ҳисобот берди, кейин улар асирликдан қайтарилганлар билан, жумладан «Азов» командирлари билан видеоалоқа орқали мулоқот қилишди.
«Биз ўз қаҳрамонларимиздан 200 кишини аллақачон терговда барча кўрсатмаларини бериб бўлган Медведчукка алмашдик. «Азовстал»нинг беш қаҳрамон қўмондони — биз учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган 55 нафар россиялик асирга алмаштирилди», — дея алмашув схемасини очиқлаган Ермак.
Зеленский Украинада барча таниб олган одамларни номма-ном санаган, улар қаторида «Азовстал»даги машҳур фотограф Дмитрой Казацкий («Орест») ҳам бор.

«Азовстал» мудофаасини бошқарган командирлар — Денис Прокопенко («Редис»), Святослав Паламар («Калина»), Сергей Волинский («Волина»), Денис Шлега ва Олег Хоменко — уруш охирига қадар Туркияда қолишади. Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, улар «шахсан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ҳимоясида тўлиқ хавфсизликда ва қулай шароитларда» бўлишади. Ушбу қарор сабаблари тўғрисида маълум қилинмаган; Зеленский кечки видеомурожаатида бу одамлар учун «узоқ ва машаққатли» курашишга тўғри келганини қайд этди. Зеленский билан мулоқот вақтида уларнинг барчаси бир неча сўз айтишди ва уларнинг озод этилишида ҳисса қўшганларга, шунингдек Украина учун жанг қилишда давом этаётганларга миннатдорчилик билдиришди.
Озод қилинганлар орасида бир неча киши — «ДХР»да ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Булар украиналик Николай Кушч («Фрост») ва Константин Никитенко («Фокс»), Россия нашрлари уларни Мариуполда асирлар ва тинч аҳоли вакилларини ўлдиришда айблаган. Шунингдек, Украина учун жанг қилган британияликлар Шон Пиннер ва Эйден Эслин ҳамда марокашлик Иброҳим Саадун ҳам «ДХР»да «зўравонлик билан ҳокимиятни эгаллаш ёки ҳокимиятни мажбуран эгаллаб туришга уриниш» ва «ёлланиш» моддалари бўйича ўлимга ҳукм қилинишганди.
Пиннер, Эслин, Саадун ва бошқа етти нафар хорижлик — улар катта эҳтимол билан, британияликлар Жон Ҳардинг, Эндрю Ҳилл ва Дилан Ҳили, америкаликлар Александр Дрюке ва Энди Ҳюн, Швеция фуқароси Матиас Густавссон ва Хорватия фуқароси Векослав Пребег — Саудия Арабистони воситачилигида озод қилинди ва 21 сентябр куни қироллик ҳудудига олиб келинди. Володимир Зеленский уруш вақти Киевга ёрдам кўрсатиш учун келган мамлакат фуқаролари озод этилиши «Украина учун шараф масаласи» эканини айтди.
Украина ҳукумати «Азовстал» ҳимоячиларини озод этишни улар асирга тушган кундан буён ваъда бериб келаётганди — Россияда эса уларга трибуналда суд қилиниш хавф солаётганди. РФ ТИВдагилар асир тушган украин ҳарбийларни алмашиш жараёни фақат улар устидан суд жараёни бўлиб ўтганидан кейин амалга оширилиши мумкинлигини билдиришганди. Давлат думаси спикери Вячеслав Володин эса «нацист жиноятчиларни алмашишга тақиқ»ни қўллаб-қувватлашини айтиб, Россия «Азов»нинг фақат «оғир ярадор» бўлган жангчиларини алмашиши мумкинлигини айтганди.
Май ойида «Азовстал»нинг қанча ҳимоячиси асир тушгани номаълумлигича қолмоқда, аммо гап камида икки минг киши ҳақида кетади, чунки ўшанда комбинатдан 2,5 минг киши чиққанди, шу вақтгача 350 киши алмашилганди.
Украина Олий Радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитро Лубинец телеграм-каналида алмашув доирасида қайтарилган россиялик ҳарбийлар суратини эълон қилиб, шундай изоҳ ёзди: "Дарвоқе, булар озод этилган россиялик ҳарбий хизматчилар - махсус амалиёт муваффақияти туфайли чегарада сафарбарликдан қочаётганларни тутаётган дунёнинг иккинчи армиясининг ёш «болалари» ва пенсионерлари".

Бу жараён Россияда қандай ёритилди?
РФ мудофаа вазирлиги фақат 22 сентябр кунининг иккинчи ярмига келиб «мураккаб музокаралар жараёни якунида» 55 нафар ҳарбий хизматчи асирликдан қайтгани ҳақида хабар берди. Баёнотда фақат асирликда уларга «ўлим хавф солгани» ҳамда уларга зарур тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатилиши келтирилди.
Бир кун олдиноқ Украина томонидан хабарлар чиқиб турганига қарамай, Россия давлат нашрлари асирлар алмашинуви ҳақида чурқ этмади. «ТАСС», РИА Новости ва «Интерфакс» ҳам на россиялик ҳарбий мухбирлар ва на украин манбалари асосида бу ҳақда хабар бермади.
Россия томонидан асирлар алмашуви ҳақида фақат норасмий манбаларда хабар берилди; «Рыбарь» канали «Қаҳрамонлар, уйга хуш келибсиз!» изоҳи билан асирликдан қайтган гуруҳнинг Москва яқинидаги Чкаловский аэродромида олинган суратини эълон қилди. Айрим каналлар 87 нафар россиялик ҳарбий қайтарилганини ёзишди.
Пайшанба тонгида ҳам Россия расмий шахслари ва йирик телеканаллар асирлар алмашинуви ҳақида тўхталмади. Фақат «Коммерсант» ва «Известия» нашрларида кичик хабарлар берилди.
Кремлпараст шарҳловчилар Москванинг асирлар алмашинуви бўйича кутилмаган қадамига турлича муносабатда бўлишмоқда, йирик пропагандачилар россияликлар қайтарилганини олқишлашга ундамоқда.
«Тонг отди, қуёш кўтарилди ва ҳозир бизнинг 87 нафар ҳарбий ухламоқда! Ярим йил ичида илк бор. Бугун уларни ҳеч ким турткилаб урмайди. Ҳеч кимнинг бирор жойини кесиб олишмайди. Улардан ҳеч кимни отиб ташлашмайди. Улар шунчаки ухлашмоқда. Бугун кимнингдир онаси ибодатхонада тиззасини қонатиб ўғли учун илтижо қилишига ҳожат йўқ», дейилади телебошловчи Владимир Соловьёв телеграм-каналида эълон қилган хабарда.
Бундан бир неча соат олдин Россия ядро қуроли қўллаши мумкинлигига ишора қилган Маргарита Симоньян унинг учун «ўзиникилар қутқарилганидан олинган қувонч» «душманга таъсир қилишдан олинадиган қониқиш»дан муҳимроқ эканини айтди.
«Мен бир неча бор йигитларимизни дўзахдан олиб чиқиш учун кимга бўлса ҳам алмаштириш кераклигини айтгандим. Шундай бўлди. 87 нафар аскар ва офицерлар, 87 қаҳрамонимиз. Имижга путур етишига тупурамиз. Гарчи маълум ёндашувлар билан бундай йўқотишларнинг олдини олиш ҳам мумкин эди», дейилади RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян улашган постда.
Алмашувга қарши бўлганлар ҳам, уни қўллаб-қувватлаганлар ҳам бу жараён ҳақида Россия расмийларидан эмас, Ғарб ва Украина манбаларидан хабар топганларидан эътироз билдиришди.
Шу каби постларга изоҳ қолдираётган ўқувчилар эса улкан норозилик тўлқини ҳосил қилишди. Шарҳ ёзувчиларнинг аксари украин сиёсатчиси Медведчук учун Россия ҳукумати нацистлар деб ҳисоблайдиган «Азов» жангчилари берилганидан қаттиқ норози бўлди ва буни хоинлик деб аташди.


Бу алмашув Россияда «қисман сафарбарлик» эълон қилинган вақтга тўғри келгани ҳам ғазабни оширди.

Россиялик «патриот» блогерлар ва медия шахсларининг бир қисми «Азов» командири бериб юборилганини ҳазм қила олишмади. ВГТРК корреспонденти Андрей Руденко аввалига «Кимдир изоҳлайдими????» дея ёзди, кейин эса ўзини алдангандек ҳис қилаётганини айтди.
«Азовстал»ни икки ой мудофаа қилган «Азов» жангчилари май ойининг иккинчи ярмида асирга тушишганди. Давлат думасидагилар уларни суд қилиш лозимлигини айтган, август ойида Россия Олий суди полкни «террорчи ташкилот» деб топганди. «ДХР» раҳбари Денис Пушилин суд жараёни Мариуполда ўтказилиши ҳақида гапирди. Бундан ташқари, июл ойида айирмачилар ўлим жазосига мораторийни бекор қилишганди.
Зеленский Украинада давлатга хиёнатда айбланган Медведчукни асирларга алмашишни апрел ойидаёқ таклиф этганди. Аммо Кремлдагилар Медведчук Украина фуқароси экани ва ҳарбий ҳисобланмаслигини билдириб, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмаслигини билдиради. «Медведчук Украина фуқароси экани, унинг Россияга алоқаси йўқлиги ва у ҳарбий эмаслигини аввал айтганмиз. «Азовстал»даги асирга олинган шахсларга келадиган бўлсак, гап ҳарбийлар ва националист тузилмалар аъзолари тўғрисида бормоқда. Улар турли тоифадаги шахслар бўлгани учун қандайдир алмашиш тўғрисида гапириш имконсиз», - деганди ўшанда Дмитрий Песков.
Медведчук эвазига «Азов» жангчиларини бериб бўлмаслиги ҳақида россиялик пропагандачилар, жумладан Владимир Соловьев ҳам айтганди. «Бундан нима чиқади? Жиноят қилиб, зўрлаб, ўлдириб, саккиз йил террор билан шуғулланиб [...], энди уларни қандайдир Медведчукка алмашамизми?! Украина фуқаросига? У ерда бизнинг 400 йигитимиз асирликда! Йўқ, йигитлар, агар биз ҳозир бу оғриқли мавзу билан ўйин қилсак, халқ бунинг учун кечирмайди!» - деганди у май ойида ўзининг муаллифлик дастурида.
Кейинроқ «ДХР» раҳбари Денис Пушилин алмашув жараёнида иштирок этгани ва Виктор Медведчук «озод этилгани»ни тасдиқлади. У барчанинг «ҳиссиётларини тўғри тушуниши»ни таъкидлаган ҳолда «йигитлар ҳаёти барчасидан устун экани» туфайли алмашув ҳақидаги фармонга имзо чекканини айтди.
«Менинг кўз ўнгимда Минск жараёнлари доирасида ва ундан ташқарида Виктор Медведчукнинг иштироки билан мингдан ортиқ йигитларимиз озод қилинган, улар ўша шароитларда омон қола олишмасди», деган Пушилин Медведчук ҳақида. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар