
Telegram каналлардан бири Павел Дуровдан Марказий осиёлик мигрантларни Украинадаги урушга жалб қилинишини олдини олишда ёрдам сўради.
Telegram асосчиси Павел Дуровдан Россиядаги марказий осиёлик мигрантларга Россия-Украина можаросида иштирок этмаслик ҳақида ахборот беришни сўрашди. Дуровга мурожаат "СНГ Главное" Telegram каналида эълон қилинган.
«Ҳурматли Павел Валерьевич, бизга ёрдам беришингизни сўраймиз. Ҳар иккала томондан ҳам одамлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беринг. Биз сизнинг жамоангиз пандемия даврида махсус хабарлар юбориб давлатлар билан ажойиб ишлаганини биламиз», – дейилади каналда эълон қилинган постда.
Эндиликда мигрантларга ҳам шу каби махсус хабарлар юбориш кераклиги қайд этилган.
«Биз Марказий Осиё давлатлари фуқароларига махсус хабар юборишни сўраймиз. У икки тилда: уларнинг она тили ва рус тилида жўнатилиши керак», – деб таъкидланган мурожаатда.
Муаллифлар меҳнат мигрантларини алдашаётганини, айримларини пул билан сотиб олишаётганини ёки фуқаролик ваъда қилинаётганини қайд этган.
«Биласизки, Россияда фаол пропаганда кетмоқда ва Марказий осиё давлатларидан келган мигрантларни «кўнгиллилар» сафига қўшишга ҳаракат қилинмоқда. Уларнинг аксарияти етарли маълумотга эга эмас, уларни алдашмоқда, айримларини пул билан сотиб олишмоқда ёки фуқаролик ваъда қилинмоқда. Айрим ҳолатларда эса уларнинг паспортлари шунчаки олиб қўйилмоқда ва қайноқ нуқталарга жўнатиб юборишяпти», – дейилган хабарда.
Марказий Осиё давлатларидаги расмий идоралар мурожаатлари эса «пропаганданинг даҳшатли кучи» олдида ожизлик қилаётгани тан олинган.
«Павел Валерьевич, инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда ёрдам беринг. Хабарлар жўнатилишига ёрдамлашинг!», – деб якунланган мурожаат.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар