22:02 / 25.09.2022
2 004

Мўғулистон собиқ президенти урушга қарши россияликларга мурожаат қилди

Мўғулистон собиқ президенти урушга қарши россияликларга мурожаат қилди
Мўғулистон собиқ президенти Цахиагийн Элбэгдорж бурят ва Россия ҳудудида яшовчи бошқа миллий озчиликни Украинага қарши урушда иштирок этмасликка чақирди ва унинг давлатидан бошпана излашни таклиф қилди. Бу ҳақда у махсус видеомурожаат билан чиққан.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, “ушбу қонли уруш бошланганидан буён Россиядаги миллий озчилик энг кўп жабрланди. Бурятлар, туваликлар ва қалмоқлар энг кўп азият чекди. Улар тўпга шунчаки ем қилиб юборилди. Юзлаб инсонлар яраланди, минглаб ҳалок бўлди. Биз мўғуллар сизни қучоқ очиб кутиб оламиз”, – деган собиқ президент.

У, шунингдек, уларни украиналикларга қарши ўқ узмасликка чақирган. Элбэгдорж Владимир Путинга ҳам мурожаат қилиб, Украинани унинг озодлигини йўқ қилмасликни сўраган.

21 сентябрь куни Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди. Бу бўйича Путин тегишли қарор имзолаган. Қайд этилишича, сафарбарликка биринчи навбатда ҳарбий хизматни ўтаган ва жанговар тажрибаси бор фуқаролар жалб қилинади. Москва бу орқали 300 минг кишини армия сафларига чақирмоқчи.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари қарор жуда кенг қамровли эканини ва бу янада кўпроқ одамни сафарбар қилиш имконини беришини таъкидлаган. Айрим маълумотларга кўра, қарорнинг махфий пунктига асосан миллионга яқин россиялик урушга тортилиши мумкин.

23 сентябрь куни РФ мудофаа вазирлиги қатор мутахассислар, хусусан, IT-мутахассислар, алоқа операторлари, ОАВ ходимлари сафарбарликка жалб этилмаслигини маълум қилган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг