1 338
Зеленский ўз ихтиёри билан асир тушган россияликларга «маданий муносабат» кўрсатилишини ваъда қилди

Фото: Getty Images
Украина президенти Володимир Зеленский ўз ихтиёри билан таслим бўлишга қарор қилган россиялик аскарларга Украина ҳарбийлари маданият билан ва халқаро конвенцияларга риоя қилган ҳолда муносабатда бўлишини ваъда қилди. Бу ҳақда Зеленский анъанавий видеомурожаатида рус тилида айтиб ўтди.
«Ҳозир барчангиз учун муҳим палла: ҳаётингизни ҳал қилиш вақти келди. Бегона ерда ҳарбий жиноятчи сифатида ҳалок бўлгандан кўра, яхшиси чақирув қоғозини олманг. Майиб-мажруҳ бўлиб, кейин тажовузкорлик уруши қатнашчиси сифатида судда жавоб бергандан кўра, жиноий сафарбарликдан қочинг. Бизнинг қуролларимиз зарбасидан ҳалок бўлгандан кўра, яхшиси украинларга асир тушинг», деган Украина президенти.
Шунингдек, Зеленский Россия ҳукумати асирга тушиш тафсилотларидан хабар топмаслигига - яъни Россия расмийлари кимдир ихтиёрий таслим бўлганини била олмаслигига ҳамда бирорта россиялик ўз ихтиёрига қарши Москвага қайтарилмаслигига ваъда қилган.
Зеленскийнинг бу чорлови РФ президенти Владимир Путин дезертирлик ва буйруқларга бўйсунмаслик учун жазо кучайтирилишини кўзда тутувчи фармонини имзолаган кунига тўғри келди - энди юқоридаги ҳолатлар бўйича айбловлар учун 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилади.
Бу вақтда Россияда Путин томонидан эълон қилинган сафарбарликка қарши намойишлар давом этмоқда - лекин бу сафарбарлик кўламига мос даражада кенг кўламли эмас.
Якшанба куни ижтимоий тармоқларда Доғистондаги намойишлар - Эндирей қишлоғи ва республика маркази Маҳачқалъада олинган фото ва видеолар кенг тарқалди.
Россиядаги «ОВД-Инфо» ҳуқуқ ташкилоти маълумотига кўра, шанба куни мамлакатнинг турли шаҳарларида сафарбарликка қарши намойишларда 800 дан ортиқ киши қўлга олинган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар