
Украина қўшинлари руслар томонидан босиб олинган шарқий қисмидаги Лиман шаҳрини эгаллаб олганлигини маълум қилди.
Бу воқеа Путин Украинанинг қарийб бешдан бир қисмини, жумладан, Лиман жойлашган Донецкни аннексия қилгани ва минтақаларни Россия тасарруфига олганини эълон қилганидан бир кун ўтиб содир бўлди.
Бир неча соат аввал Россия Мудофаа вазирлиги «қамалда қолиш хавфи юзага келгани муносабати билан» ҳудуддан қўшинларини олиб чиқиб кетаётганини маълум қилганди.
Россия Донецк вилояти шимолидаги операциялари учун Лимандан логистика ва транспорт маркази сифатида фойдаланган. Унинг озод этилиши Украинанинг ўтган ой шимоли-шарқидаги Харков вилоятида ғалабасидан кейинги энг катта ютуғидир.
Украинанинг муваффақиятлари Путиннинг амалдорлари, масалан, Чеченистон вилояти раҳбари Рамзан Қодировни ғазаблантирди.
«Менинг шахсий фикримча, чегара ҳудудларида ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ва кичик қувватдаги ядро қуролидан фойдаланишгача кескинроқ чоралар кўрилиши керак», деб ёзган Қодиров Зеленский нутқи олдидан Телеграмда.
Вашингтон ядро қуролидан ҳар қандай фойдаланишга кескин жавоб беришини айтмоқда.
АҚШ армиясининг истеъфодаги генерали Бен Ходжеснинг айтишича, Россиянинг Лимандаги мағлубияти Путин учун катта сиёсий ва ҳарбий шармандалик бўлди.
«Бу унинг ҳаракатлари ноқонуний эканлиги ва уни амалга ошириш мумкин эмаслигига ёрқин ойдинлик киритади», деган у.
Германия яқин кунларда Украинага учувчисиз аппаратлар ҳужумларни қайтаришда ёрдам бериш учун тўртта замонавий IRIS-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан биринчисини етказиб беришини айтди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар