09:41 / 04.10.2022
1 417

АҚШ ҳижоб билан боғлиқ намойишлар туфайли Эронга санкциялар киритади

АҚШ ҳижоб билан боғлиқ намойишлар туфайли Эронга санкциялар киритади
Фото: Reuters
Эронда давом этаётган норозилик намойишлари фонида АҚШ шу ҳафта ушбу мамлакатга қарши янги санкциялар киритади. Бу ҳақда президент Жо Байденнинг Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотида айтилади.

«Шу ҳафта АҚШ тинч намойишчиларга нисбатан зўравонликда айбдор бўлган шахсларга қарши қўшимча санкциялар киритади. Биз Эрон мансабдорларини жавобгарликка тортишда ва эронликларнинг эркин намойишлар ҳуқуқини қўллаб-қувватлашда давом этамиз», — деди Байден.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, Вашингтон Эрон аҳолиси учун интернетдан фойдаланиш имкониятини енгиллаштиради, «хусусан, хавфсиз ташқи платформа ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали».

Эронда интернет ўчириб қўйилди
Тинч норозилик намойишларини бостириш учун Эрон ҳукумати кўпчилик фуқаролар учун интернетни ўчириб қўйди, шунда АҚШ «Эрон ҳукумати томонидан цензурага қарши кураш учун» эронликларга интернетдан фойдаланиш имкониятини тақдим этишга қарор қилди. 23 сентябрь куни АҚШ Молия вазирлиги интернет билан таъминлаш имконини берувчи умумий лицензияни эълон қилди. Шундан кейин SpaceX ва Tesla раҳбари Илон Маск Эронда Starlink Интернет-тармоғини ишга туширишини маълум қилди.

Эронда ҳижоб билан боғлиқ намойишлар бўлиб ўтмоқда
Эронда оммавий норозиликлар сентябрь ўрталаридан буён давом этмоқда, уларга эронлик қиз Маҳса Аминийнинг ўлими сабаб бўлди. 22 ёшли қиз 13 сентябрь куни ҳижобни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган. Шундан кейин у комага тушиб қолган ва бир неча кун ўтгач, вафот этган. Ҳукумат талқинига кўра, қиз полиция участкасига олиб келинган ва у ерда юрак хуружини бошидан ўтказган. Аминийнинг қариндошлари даъво қилишича, унинг саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бўлмаган, улар текширув ўтказилишини талаб қилмоқда.

Ахлоқ полицияси
Эрон Ислом Республикаси Ҳуқуқ-тартибот кучлари Ибрат патрули («ахлоқ полицияси») — Эрон Ички ишлар вазирлиги назорати остидаги ҳуқуқ-тартибот органи. 2005 йилда алоҳида тузилма сифатида ажралиб чиққан. Ибрат патрули вазифаларига Эрон фуқаролари ва чет элликларнинг жамоат жойларида шариат бўйича муносиб кийиниб юришини таъминлаш киради.

Аёлларнинг бошини ёпмай юриши, рўмол ёки ҳижобни нотўғри тақиши, авратни ёпмайдиган кийим кийиши, баъзи ҳолларда эса «бегона эркак билан яқиндан мулоқот қилиши» уларни ҳибсга олиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Аввалроқ Эрон Маданият ва ислом вазирлиги аёлларнинг рекламаларда суратга тушишини тақиқлаганди, бу Эроннинг Домино компанияси бир аёл бошига рўмол шарф ташлаб, автомобилни бошқариб кетаётгани, сўнг эса шоколадли қиём билан қопланган музқаймоқни егани акс этган роликни чиқарганидан кейин юз берганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ҳижоб билан боғлиқ намойишлар туфайли Эронга санкциялар киритади