
Фото: Reuters
Буюк Британия ва Шимолий Ирландияда Украина Қуролли кучларининг бўлажак кичик қўмондонларини тайёрлаш бошланди.
Курс етакчилик, психологик, услубий, жанговар, техник ва тактик тайёргарлик, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича дарсларни ўз ичига олади, дейилади Украина Қуролли кучлари Бош штаби баёнотида.
Маҳкаманинг аниқлик киритишича, ушбу курс «Украина сержантлар тайёрлаш дастури асосида Украина Қуролли кучларининг жанговар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган».
Қайд этилишича, ундан ўтганлар Украина қуролли кучларининг турли бўлинмаларида ҳарбий қисмлар отряд командирлари лавозимларига тайинланадилар.
Бундан олдин АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилганди.
Пентагон маълумотларига кўра, янги ҳарбий ёрдам пакетига, хусусан, HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун «қўшимча» ўқ-дорилар, 36 000 та 105 миллиметрли артиллерия снарядлари ва 1000 та аниқ бошқариладиган 155 миллиметрли артиллерия снарядлари киритилган.
Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Киевга тўртта артиллерияга қарши радар, оғир техникани ташиш учун юк машиналари ва тиркамалар, УУАга қарши тизимлар, миналардан тозалаш ускуналари, Claymore пиёдаларга қарши ўқ-дорилари, портловчи моддалар, ўқотар қуроллар ва улар учун патронлар, тунги кўриш мосламалари, совуқ ҳарорат учун кийим-бошлар ва бошқа дала жиҳозларини етказиб беради.
Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши бошланганидан бери Вашингтон Киевга хавфсизлик учун ёрдам сифатида тахминан 15,1 миллиард доллар йўналтирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар