
Фото: AP
Янги Европа сиёсий ҳамжамиятининг мақсади - хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, деди Европа иттифоқи кенгаши раҳбари Шарл Мишел. Германия канцлери Шолц янги сиёсий форматни «катта янгилик» деб атади.
Чехия пойтахти Прагада Европанинг 44 давлати давлат ва ҳукумат раҳбарлари Россиянинг Украинага қарши қуролли тажовузини муҳокама қилиш учун йиғилди. Янги Европа сиёсий ҳамжамиятининг мақсади - барқарорлик, хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлашдан иборат, деди 5 октябр, пайшанба куни ЕИ кенгаши раиси Шарл Мишел. Янги музокаралар формати ташаббускори Франция президенти Эммануэл Макрон Прагадаги саммит Россия президенти Владимир Путин учун Европанинг «бирлиги белгиси» бўлишига умид билдирди.
Форум ташкилотчиси - Чехия бош вазири Петр Фиала саммит очилишидаги нутқида 1968 йил Прага баҳори воқеаларини эслади, ўшанда Москва танклар ёрдамида «эркинликни кенгайтириш умидларини йўқ қилган». «Ёмонликнинг кўзига қараш қийин, лекин ҳақиқат ғалаба қозонади. Украина ғалаба қозонишини ҳаммамиз қалбимиз тубида биламиз, чунки ҳақиқат унинг томонида», - деди Фиала.
Германия канцлери Олаф Шолц янги музокара форматини Европа кенгаши ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) каби форматларни тўлдирадиган, тинчлик ҳамда хавфсизликка фойда келтирадиган «буюк янгилик» деб атади. Шолц буни эндиликда Европанинг турли бурчакларидан келган давлат ва ҳукумат раҳбарлари биринчи марта ўзларини қизиқтирган мавзуларни кун тартибисиз муҳокама қилиши ва муҳокамалар натижаларига кўра қарорлар қабул қилиши мумкинлигини ижобий лаҳза деб атади.
Прагадаги саммитда Европа иттифоқининг 27 давлатидан ташқари Буюк Британия, Туркия, Украина, Ғарбий Болқон давлатлари, Арманистон, Озарбойжон ва бошқа қатор давлатлар ҳам иштирок этмоқда. Россия ва Беларус учрашувга таклиф қилинмаган. Форумнинг асосий мавзулари - хавфсизлик сиёсати ва энергетика масалалари.
Саммит бошланишидан олдин ҳам Европа иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги энергия хавфсизлиги масаласида қарама-қаршиликлар яна кескин кўрсатилган эди. Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Германия ҳукуматини танқид қилди. «Европа иттифоқининг энергетика сиёсати Германия томонидан белгиланишини қабул қилиш мумкин эмас», деди у.
Аввалроқ Берлин Полша ва Европа иттифоқининг яна 14 давлатининг Норвегия ва АҚШдан газ нархини чеклаш ҳақидаги талабига рози эмаслигини билдирган эди. Германия иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабекнинг тушунтиришича, нархлар юқори чегараси жорий этилиши газ тақчиллигига олиб келиши мумкин, чунки Норвегия, АҚШ ва Жазоир бунинг натижасида Осиёда ёнилғини қимматроқ нархларда сота бошлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар