
Фото: Алексей Дружинин / пресс-служба президента РФ / ТАСС
Путиннинг атрофидаги яқин одамларидан бири унга уруш билан боғлиқ ҳаракатларига қўшилмаслиги ҳақида очиқ айтган. Бу ҳақда Washington Post АҚШ разведкаси маълумотларига таяниб ёзмоқда.
Хабарда ёзилишича, Путинга қўмондонликнинг ҳарбий ҳаракатларни олиб боришдаги хатолари ва самарасиз бошқаруви ҳақида айтишган. Нашрнинг маълум қилишича, разведка бу маълумотни жуда муҳим деб ҳисоблаган ва бу ҳақда Байден, шунингдек, администрациянинг бошқа муҳим вакиллари хабардор қилинган.
Разведка маълумотида Путинга жангдаги хатолар ҳақида очиқ айтган яқинининг исми ҳам айтилган, аммо журналистлар бу ким эканини аниқлай олмаган. Washington Post разведка маълумотлари ва россиялик сиёсатчиларнинг охирги вақтлардаги чиқишларини солиштирган ҳолда рус сиёсий элитасида урушга нисбатан турли хил позиция шаклланган деган хулосага келган. Ўз навбатида разведкачилар Путин лавозимидан кетишига ишора қилувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб ҳисоблаган.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков WP эълон қилган хабарга муносабат билдирар экан бу гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган. Аммо Песков Россия сиёсий элитасида қисман сафарбарлик эълон қилиниши каби жиддий масалаларда турли қарашлар шаклланганини рад этмаган: «Ҳа, бошқача ҳаракат қилиш керак эди деб ҳисоблайдиганлар ҳам топилади, аммо бу оддий, ишда бўладиган ҳолат. Ҳарбий операция борасида, таълим борасида, иқтисодий масалаларда тортишувлар бўлиб туради, бу ниманидир англатмайди», деган Песков.
«Вазият барқарор эмас деб ҳисоблайман. Шунча вақт дунёнинг ярми биз билан деб мақтаниб юрдик, лекин на Моди ва на Си (Ҳиндистон ва Хитой раҳбарлари назарда тутилмоқда) бизни қўлламаётганини кўрдик», деган газета билан суҳбатда россиялик сиёсатчи Путин қисман сафарбарлик эълон қилган куни. У Моди ва Си биз томонда эмаслиги кўринди, деб улар Самарқанддаги ШҲТ саммитида ўзини қандай тутганига ишора қилган.
Washington Post'нинг Европа хавфсизлик ташкилотларидаги манбалари АҚШ разведкаси берган маълумотлардан бехабарлигини айтиш баробарида рус сиёсий элитасида қарама-қарши фикрлар пайдо бўлганини тасдиқлаган. «Босқин бошидан буён Путиннинг атрофидагиларда ваҳима ортиб бораётганини кўрдик. Улар охирги йўқотишлар ва ҳарбий тактикадаги камчиликлардан хавотирга тушган», деган нашрнинг Европа разведка хизматидаги манбаси. Бошқа бир манбага кўра, Путин жуда қайсар бўлиб қолган ва ҳаддан ташқари Украина масаласига берилиб кетган.
Россия бизнес элитасининг икки вакили америкалик журналистлар билан суҳбатда кейинги икки ҳафтада уруш борасидаги қабул қиладиган қарорлари ҳатто Путиннинг келажагига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини айтган. «Бу бурилиш нуқтаси», деган суҳбатдошлардан бири. Унинг фикрича, армия йўқотишларини қоплай олмаса, Россияда ички низо бошланади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар