
Фото: AFP
Украинадаги 225 кунлик уруш давомида 94 596 та инфратузилма объекти, шу жумладан 74 000 та турар жой бинолари вайрон бўлган.
Аксарият объектлар Киев (25 мингдан ортиқ), Донецк (20 мингдан ортиқ) ва Харкив областларида (9 мингдан ортиқ) вайрон қилинган. Бу ҳақда Варшавада бўлиб ўтган «Уруш давридаги Украина. Иқтисодиёт. Хавфсизлик. Энергетика. Тикланиш истиқболлари» конференциясида мамлакат президенти девони раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенко маълум қилди.
Тимошенконинг сўзларига кўра, ҳозирда бюджет ҳисобидан 11 мингдан ортиқ объектни тиклаш бошланди - бу вайрон қилинган объектларнинг атиги 13 фоизини ташкил этади, чунки Украинада молиявий ресурслар жуда кам.
Хорижий ҳукуматлар, идоралар ва халқаро ташкилотлардан молиявий ёрдам жалб қилиш учун Украинани қайта тиклаш жамғармаси тузилади, деди Тимошенко.
«Биз жамғарма фаолияти тўлиқ ишга туширилиши жорий йилнинг ноябрь ойи охири – декабрь ойи бошида амалга оширилишини режалаштирганмиз», — деб хабар қилди у.
Бундан олдин Чехия пойтахти Прагада Европанинг 44 давлати давлат ва ҳукумат раҳбарлари Россиянинг Украинага қарши қуролли тажовузини муҳокама қилиш учун йиғилганди.
Янги Европа сиёсий ҳамжамиятининг мақсади - барқарорлик, хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлашдан иборат, деди ЕИ кенгаши раиси Шарл Мишел. Янги музокаралар формати ташаббускори Франция президенти Эммануэл Макрон Прагадаги саммит Россия президенти Владимир Путин учун Европанинг «бирлиги белгиси» бўлишига умид билдирди.
Форум ташкилотчиси - Чехия бош вазири Петр Фиала саммит очилишидаги нутқида 1968 йил Прага баҳори воқеаларини эслади, ўшанда Москва танклар ёрдамида «эркинликни кенгайтириш умидларини йўқ қилган». «Ёмонликнинг кўзига қараш қийин, лекин ҳақиқат ғалаба қозонади. Украина ғалаба қозонишини ҳаммамиз қалбимиз тубида биламиз, чунки ҳақиқат унинг томонида», - деди Фиала.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар