
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Греция бош вазирини “протокол қоидаларидан бехабар сиёсатчи” деб атади.
Истанбулдаги жума намозидан кейин журналистлар билан суҳбатда бўлган Туркия раҳбари Прагада бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида Кириакос Мицотакиснинг ҳаракатларига эътибор қаратди.
“Мицотакиснинг номи сўзга чиққанлар рўйхатида бўлмаган бўлса-да, Греция бош вазири саммитда сўзга чиқди. Мен асосий маърузачилар қаторида эдим ва нутқимдан сўнг у рухсатсиз менга жавоб беришга уринди”, — деди Эрдоған.
Туркия раҳбари Греция бош вазири билан ўзаро тўқнашувга аралашмаганини таъкидлади: “Бу Туркия президентига ярашмайди. Мен бу даражага тушмайман!"
Туркия давлати раҳбари Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти мавзусига яна тўхталди.
Унинг сўзларига кўра, Россия раҳбари “алоҳида миннатдорчилик билдирган ва Туркияни муваффақиятли воситачилик учун табриклаган”. Шу билан бирга, Эрдоған Қозоғистонда бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммити доирасида Путин билан учрашишни истисно этмади.
“Мен ҳам Путинни туғилган куни билан табриклашни зарур деб билдим”, — дея қўшимча қилди Туркия раҳбари.
Эрдоған Туркия ҳаво кучлари флотининг Америкада ишлаб чиқарилган самолётлар билан модернизация қилинишига ҳам изоҳ берди.
“Агар АҚШ Туркиянинг F-16 флотини етказиб бериш ва модернизация қилиш таклифини қўллаб-қувватламаса, Анқара хорижда кўплаб муқобил етказиб берувчиларни топади”, — деди Туркия раҳбари.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар