
Ўзбекистондаги диний қатламнинг каттагина қисми, жамиятнинг анъанавий қатлами Путин режимини ўзига яқин олади. Путинни консерватор - муҳофазакор сифатида ҳурмат қилади. Уни режимини ҳимоя қилади. Ҳа, ҳақиқатда, Путин ўзини консерватор деб билади. Лекин, у православ консерватор. Айни пайтда, Путин – жуда кучли исломофоб. Путин ҳокимиятга келгач, ислом ва мусулмонлар билан курашиш, Россияда ислом ва мусулмонларнинг таъсирини секинлатиш ва сўндириш бўйича, жуда катта ишлар қилинди.
Россияда камида 25-30 миллион мусулмон яшаши айтилади. Хўш, шунча мусулмонлар яшайдиган давлатнинг пойтахти Москвада нечта масжид бор? Бор-йўғи бешта (!). Путин ҳокимиятда ўтирган 22 йил давомида, бор йўғи бир дона масжид очилишига рухсат берилди! Путиндан кўпроқ масжидлар очишни сўраб, Рамзану “қўлбола муфтий”лардан тортиб, хорижий давлат раҳбарларигача сўраган. Лекин, бунга Путин рухсат бермайди. Шу ҳолатнинг ўзи ҳам Россияда ислом ва мусулмонларга салбий қараш нақадар кучли эканлигини кўрсатади. Коммунистик Пекинда масжидлар сони – 70 дан ортиқ.
Россияда оддий исломий мутафаккирларга ҳам ов эълон қилинганига кўп бўлди. Исломни қабул қилган этник русларнинг мутлақ аксарияти хорижга чиқиб кетди. Жуда кўплаб сал ўзлигини кўрсатган мусулмонлар – қамалди. Яқинда Қурьонни, Бухорий тўпламини, бошқа фундаментал исломий манбаларни, Россия Адлия вазирлиги “экстремистик асарлар” рўйхатига киритди. Бу – давлатнинг онгли иродаси эди. Кўп ўтмасдан, ички ва ташқи танқидлар сабаб, ушбу манбаалар бу рўйхатдан олиб ташланди. Лекин, бу билан давлат ўзининг ички хоҳишини кўрсатди.
Путин – рус шовинисти, империалист. Рус империализмига энг катта қаршилик қилган кучлардан бири – мусулмонлар. Путин гапирганда бамисоли мусулмонларни ҳурмат қилгандек кўринади. Лекин унинг мақсади – ислом ва мусулмонларни ассимиляция қилиш, ўзлигини йўқотиш. Путин – моҳир сиёсатчи. У ғарб билан курашаётганда диндорларни, жумладан, мусулмонларни гиж-гижлайди. Мусулмонларга қарши эса, яширинча ва ошкора шаклда, ғарбдаги ксенофобларни, миллатчиларни қўллаб-қувватлайди.
80 одамни отиб ўлдирган норвегиялик террорист Брейвик ўзининг кундалик дафтарида “бугунги дунёда ислом ва мусулмонларга қарши энг тўғри ва моҳир сиёсат олиб бораётган ягона сиёсатчи – бу Путин” деган эди. Путин Россиядаги муфтийлар устидан шу қадар куладики, ҳатто уларни худди христиан попларига ўхшаб сувлар сепиш амалиётини киритиб қўйди, православ иконаларни ўптиришгача борди. Буларнинг барининг замирида, Путиннинг ислом цивилизациясига, дунёда кучайиб бораётган мусулмонларга нафрати нақадар кучли эканлигини кўрсатади.
Камолиддин Раббимов

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар