
Фото: Reuters
Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон Россия президенти Владимир Путин қачон Қўшма Штатлар учун «қонуний нишон»га айланишини маълум қилди. Бу ҳақда у CBS News телеканалига берган интервьюсида гапирди.
Болтоннинг таъкидлашича, агар ядро қуролидан фойдаланиш маъқулланса, Россия етакчиси «ўз жонига қасд қилиш тўғрисидаги хатни имзолаган бўлади». Унинг аниқлик киритишича, Путин Россия армияси устидан қарор қабул қилиш ва назорат маркази ҳисобланади.
«Шунинг учун биз уни ‘қонуний ҳарбий нишон’ деб атаймиз. Ўйлайманки, бундай ҳодиса юз берса (ядро қўлланса — «Дарё» изоҳи) Путин бизнинг нишонларимиз рўйхатида турганини билиши керак», — деди АҚШ собиқ раҳбари Дональд Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Балтон.
Болтон, шунингдек, Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли масаласини жиддий кўриб чиқишга чақириб, вазиятни оқилона баҳолаш зарурлигини таъкидлади.
Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Россия президенти Владимир Путин, ҳукумат амалдорлари ва тарғиботчилар Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигига қайта-қайта ишора қилди. 21 сентябрь куни Путин сафарбарлик бошланиши ҳақидаги мурожаатида Россия ҳукумати ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун «ихтиёридаги барча воситаларни» ишга солишга тайёрлигини айтди.
АҚШ президенти Жо Байденнинг фикрича, Владимир Путин Украинада тактик ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақида гапирганда «ҳазиллашмайди». Байден Россия президенти Владимир Путинни «яхши» билишини айтган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар