
Остонада МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бошланди. Учрашув тор доирада ўтмоқда, унда фақат президентлар иштирок этади. Тадбир бошланишидан аввал давлатлар раҳбарлари суратга олиш маросимида иштирок этишди.
Мажлис бошида Тоқаев Туркманистон президенти Бердимухамедовни ушбу саммитда илк бор иштирок этаётгани билан қутлаб унинг келгуси фаолиятига омад тилади.
Шунингдек Тоқаев МДҲ давлат раҳбарлари саммити кун тартибига қиритилган асосий маслалалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Улар асосан гуманитар ҳамда хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорликни ўз ичига олган.
Тоқаев алоҳида эътибор қаратган масалалардан бири - бу сув таъминоти хавфсизлиги масалалари бўлди.
"Ҳамдўстлик мамлакатларида сув хавфсизлигини таъминлаш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш вақти келди. Шу боис МДҲ Ижроия қўмитасига трансчегаравий сув ресурсларидан самарали ва ўзаро фойдаланиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш ва тақдим этишни таклиф қилган бўлардим”, — деди Қозоғистон президенти.
Эслатиб ўтамиз, тадбир Остонадаги Конгресс марказида ўтказилмоқда. Тор доирадаги учрашувдан сўнг кенгайтирилган таркибда бошланади, делегациялар президентлар сафига қўшилади.
МДҲ саммитида Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари МДҲда 2023 йилда “Рус тили - миллатлараро мулоқот тили" йилини ўтказиш бўйича Ҳаракатлар режаси лойиҳасини маъқуллашлари кутилмоқда.
Шунингдек, 2023-2024 йилларга мўлжалланган гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги устувор ҳаракатлар режаси лойиҳасини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар