
Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Россия маъмурий ҳудудлари раҳбарлари бири кетидан иккинчиси ҳарбий сафарбарлик режасини 100 фоиз бажаргани ҳақида ҳисобот берганидан сўнг, улар сафарбарликнинг «иккинчи босқичи»ни ҳам эълон қила бошлади. Губернаторлар хатосини Кремль тузатди. Президент матбуот котибининг сўзларидан келиб чиқилса, Владимир Путин «қисман» деб атаган сафарбарлик узлуксиз жараёнга айланиши мумкин.
Ҳудудлар иккинчи босқичга ўтди
Барчаси бир кун аввал Ростов области губернатори Василий Голубевнинг област «янги сафарбарлик топшириғи» олгани ҳақидаги баёноти билан бошланди. Ўтган ҳафтагина ҳудуд маъмурияти Мудофаа вазирлиги томонидан вилоятга қўйилган қисман сафарбарлик режаси «тўлиқ бажарилгани» ҳақида хабар берганди.
Ростов губернаторининг сўзларидан шундай хулосага келиш мумкинки, ҳарбий чақирув комиссариатлари Мудофаа вазирлигининг янги топшириғини бажаришга киришган. Яъни улар яна сафарбар қилиш учун эркакларни қидиришни бошлаган.
11 октябр куни Курск области маъмурияти томонидан ҳам худди шундай баёнот берилди: «Сафарбарликнинг биринчи босқичи тўлиқ якунланди. Минтақада иккинчи босқич бошланди».
Сафарбарлик давом этишини эълон қилган учинчи минтақа Бурятия бўлди. Украинада ҳалок бўлган Россия ҳарбийларининг катта қисми айнан шу республика вакилларидир.
Бурятия «қисман» сафарбарлик режаси юз фоиз бажаргани ҳақида 30 сентябр куни хабар берилган эди. Бироқ, Бурятия расмийлари гап «янги тўлқин» ҳақида кетмаётганини билдирди (яъни иккинчи босқич бошланган).
Бурятия ҳарбий комиссари ўринбосари Игор Кибальник янги сафарбарлик ишларини «қўшимча йиғин» деб атади.
«Бурятияда қўшимча йиғин унчалик ҳам катта кўламда эмас. Шунинг учун икки ҳафта олдин бўлгани каби мактаблар ва бошқа жойларда қўшимча чақирув-йиғув пунктларини очишга ҳожат йўқ. Мавжуд комиссарликлар ишлари етарли. Ҳеч қандай шошқалоқлик, туни билан ишлаш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Барчаси режа бўйича кетади, вазифани бажариш учун вақт бор», – дейди у.
«Дождь» телеканали Омскдаги ҳарбий комиссарликдаги учрашувнинг аудиоёзувига асосланиб тахмин қилган версияга кўра, сафарбарлик уч босқичда амалга оширилади: 26 сентябрдан 10 октябргача, 11 октябрдан 25 октябргача ва 26 октябрдан 10 ноябргача. Телеканал аудиоёзув ҳақиқийлигини тўлиқ тасдиқлашнинг имкони йўқлигини таъкидлаган. Телеканал томошабинлари эса шунга ўхшаш маълумот ҳақида Красноярск ўлкасидан ҳам хабар берган.
«Ҳеч қандай янги тўлқин йўқ»
«Бошқа ҳудудларда сафарбарлик давом этаётгани — бу қўшимча йиғин жараёни, сафарбарликнинг иккинчи тўлқини эмас», – деган ТАСС нашри билан суҳбатлашган Байкал ўлкаси маъмурияти вакили Роман Шадрин.
«Бизда сафарбарликнинг иккинчи тўлқини ҳақида гап кетгани йўқ, биз ҳозир бажараётган, белгиланган вазифаларимиз бор. Ҳаммани бир вақтнинг ўзида, бир кунда чақириш топшириғи йўқ», – деган Рязан области губернатори Павел Малков. Бу ҳудуд маъмурияти бошқалардан фарқли равишда сафарбарлик режасининг бажариб бўлингани ҳақида ҳисобот бермаганди.
Оммавий ахборот воситаларининг ҳисоб-китобларига кўра, сафарбарлик режаси бажарилгани тўғрисида ўттиз тўққизта ҳудуд ҳисобот берган. Бу борада 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Қрим маъмурияти биринчи бўлган эди.
Янги сафарбарлик топшириғи ҳақида биринчи бўлиб хабар берган Ростов губернатори сўзларини аллақачон ушбу област ҳарбий комиссари Игор Егоров тузатишга улгурди.
«Мени шуни эслатмоқчи эдимки, сафарбарликнинг янги тўлқини деган нарса йўқ. Барча сафарбарлик ишлари олдиндан белгиланган муддат ва миқдорда амалга оширилмоқда. Яна бир бор эслатиб ўтаман, сафарбар қилиниши керак бўлганлар сони 300 минг кишини ташкил этиши керак», – дея Егеров губернаторнинг сўзларини тўғрилаган.
Бу рақамни 21 сентябр куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг маълум қилганди. Путин сафарбарликни «қисман» деб атади, бироқ кейинги воқеалар шуни кўрсатдики, чақирув қоғозлари ҳаммага, жумладан ёши ва соғлиғи боис хизматга яроқсиз бўлганларга ҳам кела бошлади. Кўплаб можаролардан сўнг Путиннинг ўзи ҳам муаммоларни тан олишга мажбур бўлди.
4 октябр куни Шойгу сафарбарлик эълон қилингандан сўнг қуролли кучлар сафига «200 мингдан ортиқ одам» келиб қўшилганини айтди.
Путин томонидан чиқарилган фармонда сафарбарлик қанча муддат давом этиши кўрсатилмаган. Унда фақат ҳарбий хизматга чақириш муддати Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланиши айтилган.
«Доимий жараён»
Ҳозирда Кремлдагилар Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун фуқароларни сафарбар қилишнинг янги тўлқини йўқлигини айтмоқда.
«Ҳеч қандай янги тўлқин йўқ, бу ерда ҳар бир губернатор улар нимани назарда тутаётганини аниқлаб олиши керак», – дея Дмитрий Песков губернаторларнинг янги сафарбарлик топшириқларини олгани ҳақидаги баёнотларига муносабат билдирди.
«Президентнинг тегишли фармонида ҳеч қандай сафарбарлик босқичлари кўрсатилмаган. Қисман сафарбарлик жараёни давом этмоқда, бу узлуксиз жараён ва у ҳеч қанақа босқичларга бўлинмайди», – деган Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Юрий Швиткин «Российской газета» нашрига.
Аввалроқ ОАВ Россиянинг турли шаҳарларида ҳарбий чақирув комиссариатлари эркакларнинг яшаш жойларида ҳам, иш жойларида ҳам рейд ўтказиб, олиб кетаётгани ҳақида хабар берди. Forbes журнали ходимининг айтишича, у паспорт олиш учун борган Кўптармоқли марказда унга чақирув қоғозини беришга ҳаракат қилишган.
«Медиазона» нашри маълум қилишича эса, сафарбарлик бошланганидан уч ҳафта ўтиб, москваликлар уйсизларга ёрдам бериш марказлари, меҳнат муҳожирлари яшовчи ҳостеллар ва бизнес-офисларда полиция ҳамда ҳарбий комиссарларнинг пайдо бўлаётгани ҳақида хабар бера бошлаган.
Сафарбарлик ҳақида тушунтиришлар берувчи «Объясняем.рф» ҳукумат портали бир кун аввал ниҳоят кўчада чақирув қоғозларини бериш мумкин эмаслигига эътибор қаратди.
«Полиция ходими ёки ҳарбий комиссар чақирув қоғозини фуқарога беришдан олдин кўчанинг ўзидаёқ тўлдириши мумкинми?» деган саволга сайт муҳаррирлари «Чақирув қoғози олдиндан расмийлаштирилиб, ҳарбий комиссар томонидан имзоланиши ва ҳарбий комиссарлик муҳри билан тасдиқланиши керак» дея жавоб берган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар