20:28 / 15.10.2022
2 229

Россия Беларусь самолётларини ядро қуроли ташишга мослаштириб беради

Россия Беларусь самолётларини ядро қуроли ташишга мослаштириб беради
Фото: EPA
Россиянинг БМТдаги делегацияси раҳбари ўринбосари Константин Воронцов маълум қилишича, Беларусь Россиядан «Искандер-М» мажмуаларини қабул қилиб олади. Шунингдек, Беларуснинг Су-25 самолётлари бир қисми ядро қуролини ташиш учун мослаштирилади. Бу ҳақда «БелСАТ» хабар бермоқда.

«Ушбу босқичда гап Беларусь Республикасига фақат ‘Искандер-М’ мажмуаларини бериш ва Су-25 самолётларининг бир қисмини ядро қуроли ташиш бўйича техник имконият билан таъминлаш ҳақида бормоқда. Шу билан бирга, Беларусга самолётларни ядро қуроли ташувчиларига айлантирувчи қурилмани тақдим этиш кўзда тутилмаяпти», — деди Воронцов.

Шунингдек, унинг аниқлик киритишича, Москва ҳозирча Минскка ядро қуроли бериш ёки уни Беларусь ҳудудига олиб кириш ниятида эмас.

Нашр эслатишича, жорий йил ёзда Владимир Путин Беларусь самолётларини Россия заводларида модернизация қилишга рози бўлганди. Россия президенти Минскка «Искандер-М» мажмуалари берилишини, уларга ядровий жанговар каллаклар ўрнатиш мумкин бўлишини айтганди.

Август охиридаёқ Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакат самолётлари ядровий жанговар каллакларни ташишга қодир бўлганини маълум қилганди.

Беларусь 1996 йилдан буён ядро қуролига эга эмас. Бироқ 2021 йилдан бери Лукашенко Ғарбга таҳдид қилиб, Россия Минскка жанговар каллакларни беришини айтмоқда. Хусусан, 2021 йил октябрида сиёсатчи агар НАТО ядро ракеталарини Польшага жойлаштирса, Путиндан снарядларни Минскка қайтаришни сўраши ҳақида огоҳлантирганди.

2022 йил февралида эса Лукашенко «душманлар» «аҳмоқона иш» тутадиган бўлса, Беларусга «нафақат ядровий, балки ядродан ҳам кучли» қурол жойлаштирилишини айтганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Беларусь самолётларини ядро қуроли ташишга мослаштириб беради