21:51 / 15.10.2022
2 286

Россия ўзи босиб олган Херсон вилоятидан «бир неча минг болаларни» олиб кетган

Россия ўзи босиб олган Херсон вилоятидан «бир неча минг болаларни» олиб кетган
Херсон манзараси, архив
Фото: «РИА Новости»

Россия босиб олинган Херсон вилоятидан «бир неча минг нафар болалар»ни олиб кетганини Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».

«Бугунги кунда доимий отишмалар кетмоқда, бу хавфсиз эмас. Шунинг учун минтақадан дастлаб болаларни олиб кетиш таклиф қилинди. Бир неча минг нафар болалар аллақачон Россиянинг бошқа ҳудудларига кетган, улар дам олиш уйларида, оромгоҳларда ҳордиқ чиқармоқда», — деди Хуснуллин журналистларга.

Ҳозирги вақтда барча фуқароларда Херсон вилоятидан чиқиб кетиш имконияти бор, деди у.

«Бу кунига қарийб 500 киши демакдир, биз ҳозирча дам олиш жойларига, базаларга, оралиқ жойларга чиқиб кетишни ташкиллаштиряпмиз. Кейинчалик, агар улар Россиянинг бошқа ҳудудларида яшаш ва ишлашни хоҳласа, уларга турар жой тақдим этамиз», — деди бош вазир ўринбосари.

Аввалроқ Херсон вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Владимир Сальдо Россия раҳбариятига мурожаат қилиб, вилоят аҳолисини Украина ракета зарбалари оқибатларидан ҳимоялаш учун уларни, агар истаса, Россиянинг бошқа ҳудудларига чиқариб кетишни ташкиллаштиришда ёрдам сўраганди. Сальдо Украина қўшинлари ўққа тутишни тўхтатмаётгани, Херсон, Новая Каховка, Голая Пристань ва Чернобаевка шаҳарлари зарбалар остида қолаётганини айтганди.

Бир неча кун аввал Ғарб Украинанинг келаси ҳафта Херсонни қайтариб олишига ишонаётгани хабар берилганди. Британия разведкаси 13 октябрь куни эрталаб Россия томонидан тайинланган ҳокимиятнинг шаҳар аҳолисини эвакуация қилиш қарори Херсонда яқинлашиб келаётган жанглар хавфи билан боғлиқлигини маълум қилди.

«Охирги кунларда Россия босқинчилари Херсондан бир неча тинч аҳолини эвакуация қилишга тайёргарлик кўриш ҳақида буйруқ берган бўлиши мумкин. Улар жанглар Херсон шаҳрининг ўзига ҳам тарқалишини кутишаётгандир», — дея Британия Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларини келтирганди манба.

23—27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятида, ЛХР, ДХР ва Херсон вилоятларида бўлгани каби, Россия таркибига кириш ҳақида референдум бўлиб ўтди. 30 сентябрь куни Кремлда ҳудудларнинг қўшилиши тўғрисидаги шартномаларни имзолаш маросими ўтказилди. 2 октябрь куни улар, тартиб бўйича, Конституциявий суд томонидан маъқулланди. 3 ва 4 октябрь кунлари шартномаларни ҳамда қўшилиш ҳақидаги федерал конституциявий қонунларни Давлат думаси ва Федерация кенгаши қўллаб-қувватлади. 5 октябрь куни эса президент имзоси қўйилган шартномаларни Кремль эълон қилди.

БМТ бош котиби ДХР, ЛХР ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия қўшинлари назорати остидаги қисмлари Россия таркибига кириши юридик кучга эга бўлмаслигини айтганди.

13 октябрь куни эса БМТ Бош ассамблеяси Донецк ва Луганск халқ республикаларида ҳамда босиб олинган Херсон ва Запорожье вилоятларида Россия томонидан ўтказилган «референдумлар»ни қораловчи резолюцияни қабул қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ўзи босиб олган Херсон вилоятидан «бир неча минг болаларни» олиб кетган