15:23 / 16.10.2022
1 998

Россия ҳукумати Украина билан музокаралар ҳақида тез-тез гапира бошлади, бундан асл мақсад нима?

Россия ҳукумати Украина билан музокаралар ҳақида тез-тез гапира бошлади, бундан асл мақсад нима?
Россияликлар Украинада қолдирган техника. Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix
Сўнгги ҳафталарда Россия ҳукумати Украина ёки Ғарб давлатлари билан бошланиши мумкин бўлган музокаралар ҳақида тез-тез гапирмоқда. Масалан, 14 октябр куни Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин музокаралар ўтказилиши мумкинлигини, бироқ бу фақат «муайян шартлар асосида» бўлишини айтди. 6 октябр куни эса Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Украина ҳукуматига Россия «таклиф қилган шартлар» асосида «тинчлик шартномаси» бўйича музокараларни «ҳозироқ» бошлашни таклиф қилганди.

Владимир Путин ҳам сентябр ойи ўрталарида музокаралар ҳақида тўхталганди: «Биз буни (урушни) имкон қадар тезроқ тўхтатиш учун барча чораларни кўрамиз. Афсуски, фақат қарама-қарши томон — Украина раҳбарияти музокаралар жараёнидан воз кечишини ва ўз мақсадларига жанг майдонида ҳарбий йўл билан эришмоқчи эканини эълон қилди».

Хўш, Россия олий мартабали вакиллари тинчлик келишувлари ҳақида тез-тез гапиришидан асл мақсад нима?

Украина томони сўнгги пайтларда Путин билан музокаралар ўтказиш имкониятини бир неча бор рад этди. Октябр ойи бошида президент Володимир Зеленский «Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказиш мумкин эмаслиги» ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳужжат Украина ҳудудларини қўшиб олиш бўйича Россия томонидан ўтказилган «референдумлар»га жавобан қабул қилинди.

Путин ҳақиқатан ҳам 2022 йил баҳорида тўхтаб қолган тинчлик келишувларини қайта бошлаш ҳақида ўйламоқда. Шу билан бирга, у Россия Донбассдаги ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолишини хоҳлайди ва «Қримни муҳокама қилишни умуман истамайди».

«Медуза» нашрининг Кремлга яқин икки манбаси ва Россия ҳукуматига яқин бошқа бир манбасига кўра, бу позиция ҳали ҳам ўзгармаган. Бироқ нашр суҳбатдошларининг маълум қилишича, Россия ҳукумати янги «тактик вариант»ни ишлаб чиққан. Бу тўлақонли тинчлик шартномаси тузишни эмас, балки вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этишни назарда тутади. Кремлнинг фикрича, Россия ва Украина ҳарбийлари бу борада икки давлатнинг биринчи раҳбарларини жалб этмасдан туриб ҳам келишиб олиши мумкин.

Нашрнинг Кремлдаги суҳбатдоши, катта эҳтимол билан Россия ҳукумати ушбу келишувга эришиш учун Херсон областидаги босиб олинган ҳудудларнинг бир қисмини тарк этишга ҳам тайёр эканини айтган.

Херсон областидаги фронт чизиғида нималар юз бермоқда?

Херсон областининг россияпараст маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов аҳолига «ҳарбийларнинг манёвр қобилиятига халақит бермаслик учун жанговар ҳаракатлардан узоқ бўлган Россиянинг бошқа хавфсиз ҳудудларига бориши кераклиги»ни айтди. Россия бош вазири қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Марат Хуснуллин эса Херсон областининг Россия назорати остидаги ҳудуди аҳолисига ҳукумат уларга кўчиш ва янги бепул уй-жой билан таъминлашда ёрдам беришини эълон қилди.

«Энди Херсонни сақлаб қолиш жуда қийин ва қўшинларнинг минтақадан олиб чиқилиши Украина билан хайрихоҳлик ишораси ҳамда Украина томон қадам ташлаш сифатида амалга оширилиши мумкин», деган «Медуза» нашрининг Кремлдаги суҳбатдоши.

Ҳозирда Кремль Ғарб етакчилари ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни Украинани Россия билан музокара столига қайтишга «кўндириш»га ундамоқда. «Медуза» суҳбатдошларининг таъкидлашича, бошқа мамлакатлар раҳбарлари билан мулоқотларда Россия вакиллари ўз ҳаракатларига оддий сабабни келтиряпти: «фуқароларнинг қурбон бўлишига йўл қўймаслик».

Қизиғи эса бу сабаб ва жараён Украина қўшинларининг муваффақиятли қарши ҳужуми ва Қрим кўприги портлатиб юборилганидан сўнг Украина шаҳарларига кенг миқёсда уюштирилган йирик ракета ҳужумлари фонида рўй бермоқда.

Шу билан бирга, Кремлдаги манбалар Владимир Путин урушни давом эттиришдан воз кечмоқчи эмаслиги ва эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш режимидан янги ҳужумга тайёргарлик кўриш учун фойдаланмоқчи эканини қайд этган. Путиннинг фикрича, бу вақт ичида рус армияси сафарбар қилинганларни жангга тайёрлай олади ва жанговар техникалардаги йўқотишлар ўрнини қандайдир йўл билан тўлдиради.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «Медуза» нашри саволларига жавоб бермаган.

Кремль режасига кўра, «янги кенг кўламли ҳужум» тахминан 2023 йилнинг феврал-март ойларида бошланиши мумкин.

Олдинроқ Украина армияси худди шундай тактикадан фойдаланганди: аввалига сафарбар қилинганларни бир неча ой давомида тайёрлади, кейин эса уларнинг ёрдами билан Харкив ва Херсон областларида муваффақиятли қарши ҳужумни амалга оширди.

«Медуза» нашри хабар беришича, расмий Киевнинг Москва билан ҳар қандай музокаралар бўйича позицияси ўзгаришсиз қолмоқда.

«Биз Россия билан музокараларга тайёрмиз, лекин Путин билан эмас, балки унинг ўрнини эгаллаган шахс билан», — деган Зеленский офисидаги манба. У, шунингдек, русларга бундай музокараларни ўтказиш имкониятини реаллаштириш учун ўз кучларини ишга солишни таклиф қилган: «Ўзингизнинг ноадекват президентингиз — Путинни тахтдан туширинг».

Манбанинг қўшимча қилишича, Украина анчадан бери Россиянинг ҳар қандай баёнотига ва «яхши ниятдаги ҳаракатлари»га ишонмайди.

«Путин ҳали ҳам ёлғон гапиряпти. У музокараларга тайёр эканини айтди ва бу билан бир вақтда тинч аҳолига ракета ҳужумларини уюштирди. Ўйлашимча, босиб олинган ҳудудларимиз қайтарилгунга қадар ҳеч қандай ўт очишни тўхтатиш режими бўлмайди», — деган Зеленский офиси вакили.

Зеленскийнинг офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк бу позицияга қўшилди:

«Россия сценарийсидаги ўт очишни тўхтатиш режими Украинага нима беради? Янги бўлиниш чизиғини амалда мустаҳкамлаш ва русларнинг вақтинчалик босиб олинган ерларимизга шошилинч жойлашиб олишиними? Ростдан бизни бунга рози бўлади деб ўйлашдими? Айниқса, қарши ҳужум фонида...

Бу сафарбар қилинганларни тайёрлаш ва жанг майдонига янги қурбонларни юбориб катта йўқотишга учраган рус бўлинмаларни ҳеч бўлмаганда бироз мустаҳкамлаш учун яққол оператив паузами? Бу бизга нимага керак?
»

У «бу сценарий Украина манфаатларига мутлақо тўғри келмаслиги, шунинг учун бундай таклифлар умуман кўриб чиқилмаслиги»ни қўшимча қилган.

«Украина Россиянинг ҳарбий мағлубиятидан «жуда манфаатдор». Чунки фақат шу йўлгина урушни ҳақиқатан ҳам тугатади, ҳарбий жиноятчиларни қонуний йўл билан қаттиқ жазолаш имкониятини яратади ва Россиядаги сиёсий тузум ўзгаришига бевосита ҳисса қўшади», — дейди Подоляк.

Россия ҳукумати, Украина, Музокара, Тинчлик шартномаси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ҳукумати Украина билан музокаралар ҳақида тез-тез гапира бошлади, бундан асл мақсад нима?