16:54 / 17.10.2022
2 169

Киев камикадзе дронлар ҳужумига учради (фото, видео)

Киев камикадзе дронлар ҳужумига учради (фото, видео)
Душанба куни тонгда Киев марказида камида тўртта портлаш рўй берди. Украина ҳукумати россиялик ҳарбийлар Эрон етказиб берган камикадзе дронлар билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Зарбалар Украина бўйлаб ёппасига ракета зарбалари берилган кундан бир ҳафта ўтиб амалга оширилди.

Киев марказидаги Шевченко районидаги портлашлар ҳақида шаҳар мэри Виталий Кличко хабар берди. «Ҳаво тревогаси эълон қилинди. Бошпаналарда қолинг!» деб ёзди у ўзининг телеграм-каналида.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак пойтахтга камикадзе дронлар орқали ҳужум қилинганини маълум қилди.

«Россияликлар бу уларга ёрдам беради деб ўйлаяпти, аммо бундай ҳаракатлар ўлим талвасасига ўхшайди. Бизга кўпроқ ва имкон қадар тез фурсатда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак. Бизда секин ҳаракатланишга вақт йўқ. Осмонни ҳимоя қилиш ва душманни йўқ қилиш учун кўпроқ қурол. Шундай ҳам бўлади», деб ёзди у телеграмда.

Reuters агентлиги хабарига кўра, дронлар марказий темирйўл вокзали атрофига келиб тушган, бу бир қанча ёнғинлар келтириб чиқарган ва турар жойларни шикастлаган.

Кличконинг ёзишича, ҳужумлар натижасида Киевнинг Шевченко туманида турар жой биносида портлаш рўй берган. 18 киши қутқарилган, икки киши ҳалок бўлган. Харобалар орасидан одамларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский турар жой биноларидан бири жиддий шикастлангани акс этган видеони намойиш этди. «Тун бўйи ва тонг отганида душман тинч аҳолини террор қилишда давом этди. Бутун Украина бўйлаб камикадзе дронлар ва ракеталар ҳужум қилмоқда. Киевда аҳоли турар жойига зарба келиб тушди», дея ёзди Зеленский телеграм-каналида.

Россия мудофаа вазирлигининг ўтган кун охиридаги ҳисоботида «ҳарбий бошқарув объектлари ва Украина энергетика тизимлари» зарбалар берилгани маълум қилинганди. Бугунги ҳужумлардан кейин ҳам вазирлик «Украина энергетика объектлари ва ҳарбий бошқарув пунктларига юқори аниқликдаги зарбалар» йўлланганини маълум қилди.

Ўтган ҳафта бошида Россия Украинанинг турли ҳудудлари, жумладан Киевдаги инфратузилмаларга қанотли ракеталар ва учувчисиз учар қурилмалар билан ёппасига зарбалар берганди. Кейинги куни ҳам зарбалар давом этди, аммо интенсивлик пасайди, Россия ракеталар ўрнига Эрондан сотиб олинган Shahed-136 русумли камикадзе дронлар учира бошлади, Россия армиясида бу қуролларга «Герань-2» номи берилган.

Кличко бугун тонгда Киевда қулаган шундай дронлардан бирининг қолдиқларини намойиш этди.

Унинг маълум қилишича, шу куни Киевга жами 28 та дрон учирилган, шундан фақат 5 таси нишонга етиб борган, қолганлари уриб туширилган.

AFP агентлиги шаҳарда пастлаб учаётган дрон ва уни уриб туширишга уринаётган ҳарбийларнинг суратларини намойиш этди.

Ижтимоий тармоқларда Украина пойтахтида яшовчилар, жумладан оддий фуқаролар ҳам дронни оддий қуроллар (бир ҳолатда пневматик қурол билан ҳам) орқали уриб туширишга уринаётгани акс этган ҳолат тарқалди.

Бир кун олдин Миколайив шаҳри дронлар ҳужумига учраганди. Маҳаллий ресурсларда катта ёнғин келиб чиққани акс этган видео намойиш этилган. Россия таъсиридаги телеграм-каналлар эса дарё порти яқинидаги ёнилғи сақланувчи резервуарлар ёнаётганини ёзишди. Душанба куни Миколайив мэри Олександр Сенкевич камикадзе дронлар ёнилғи омборига эмас, портдаги терминаллардан биридаги ўсимлик мойи юкланган цистерналарга ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.

17 октябр куни тонгида Украинанинг бошқа ҳудудлари - Суми ва Днепропетровск областларига ҳам ҳужумлар амалга оширилган. Маҳаллий расмийларга кўра, инфратузилма объектларига зарбалар берилган. Днепропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко ҳужумда қанотли ракеталар ва артиллерия снарядларидан фойдаланилгани, ракеталардан бири нишонга келиб тушиши натижасида ёнғин чиққанини маълум қилган.

Шунингдек, ҳафта давомида яна бир бор Запорижжя шаҳри бўйлаб тунги зарбалар амалга оширилди. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Старух ҳам дронлар иштирок этмаган ҳолда ракеталар билан ҳужум қилингани ҳақида хабар берган. Унинг ёзишича, душман ўз мақсадига эриша олмаган, шаҳарда вайронгарчиликлар ва жабрланувчилар йўқ.

Володимир Зеленский анъанавий тунги мурожаатида россияликлар зарбалари оқибатида айрим ҳудудларда электр узатишни чеклашга тўғри келаётганини айтиб, Украина халқидан электр энергияси истеъмолини қисқартиришни сўради

«Россиянинг ракетали террори кучайгани сабабли энергетиклар Украинанинг айрим шаҳарлари ва районларида тизим барқарор ишлаши учун электр узатишни чеклашга мажбур бўлмоқда. Лекин тиғиз вақтларда истеъмолга оқилона ёндашсак бундай барқарорлаштирувчи ўчиришлардан воз кечимиз мумкин. Бу бир исоннинг турмушида арзимас нарса, бироқ бутун энергия тизими учун жуда муҳим», — деган Украина президенти.

У имкониятга қараб соат 17:00 дан соат 23:00 гача электр энергияси истеъмолини камайтиришга чақирган. Днепропетровск областида душанба тонгида фавқулодда электр энергияси узилиши кузатила бошлади.

Ҳозирда Украина бўйлаб 10 фоизлик чеклов жорий қилинган. Энг катта чеклов Черниҳив областида — 20 фоиз. Пойтахт Киевда 7 фоизлик чеклов амалда.
Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Киев камикадзе дронлар ҳужумига учради (фото, видео)