12:49 / 18.10.2022
1 396

Россияда оғир жиноятлар учун судланганларни сафарбар қилиш қонунийлаштирилади

Россияда оғир жиноятлар учун судланганларни сафарбар қилиш қонунийлаштирилади
Фото: Anadolu agency
Давлат думаси қўмитаси «Россияда сафарбарлик тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритишни таклиф қилди. У қабул қилинган тақдирда, оғир жиноятлар учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки судлангани ўталмаган шахслар жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун сафарбар этилиши мумкин.

Давлат думаси Мудофаа қўмитаси оғир жиноятлар учун судлангани олиб ташланмаган ёки судлангани ўталмаган фуқароларни урушга сафарбар қилишга рухсат берувчи тузатишларни маъқуллади. Қарор 17 октябр, душанба куни қонунчиликни қўллаб-қувватлаш тизимида эълон қилинди.

Россияда оғир жиноятлар учун судланган шахсларни сафарбар қилиш 1997 йилда «Россияда сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонун қабул қилингандан бери тақиқланган. Ушбу тақиқ ушбу қонуннинг 17-моддаси 4-қисмида белгиланган.

Янги ташаббус муаллифлари Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раиси, Мудофаа вазирлиги раҳбари Сергей Шойгунинг собиқ ўринбосари - Андрей Картаполов ва унинг биринчи ўринбосари Андрей Красов бўлди.

Кутилишича, тузатишлар Давлат думасининг 18 октябрдаги йиғилишида кўриб чиқилади.

Аввалроқ, Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича Россия президенти ҳузуридаги кенгаш аъзоси ва Санкт-Петербург Қонунчилик мажлиси собиқ депутати Наталия Евдокимова маҳкумлар ёлланаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бериб, ҳибсда сақланаётган шахсларни жазони ўташ жойидан озод қилиш учун ҳеч қандай асос йўқлигини айтганди.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, айни дамда Россияда жазо муддати тугамаган шахсларни муддатидан олдин озод қилишнинг фақат учта йўли бор. Биринчиси, тегишли фармон билан расмийлаштирилган Россия президентининг афв этиши. Иккинчи вариант - амнистия. Охирги имконият - суд қарори билан шартли равишда озод қилиш.

Шу фонда Инсон ҳуқуқлари кенгашининг олти нафар аъзоси, жумладан Евдокимова сентябр ойида Россия бош прокурори Игор Красновга мурожаат йўллади. «Агар бу маълумотлар рост бўлса, ушбу шахслар қандай асосда жазони ўташдан озод этилганини тушунтириб берсангиз?» - дейилади мурожаатда.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, шундан сўнг кенгашнинг бошқа аъзолари мурожаат муаллифларини «Инсон ҳуқуқлари кенгаши номидан» ҳаракат қилганликда айблади. «Биз кенгаш аъзоларимиз, бизни ҳали ҳеч ким чиқариб юборгани йўқ, ўз фикримизни билдиришга ҳаққимиз бор», — дея хулоса қилди Евдокимова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда оғир жиноятлар учун судланганларни сафарбар қилиш қонунийлаштирилади