14:23 / 18.10.2022
941

Украина ТИВ Эронни Россиянинг «террорчилик ҳаракатлари ва агрессиясига» шерик деб атади

Украина ТИВ Эронни Россиянинг «террорчилик ҳаракатлари ва агрессиясига» шерик деб атади
Фото: AP Photo
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ҳукуматини Россияга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда баёнот Украина Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди.

«Украинада босқинчилик уруши олиб бориш ва Украина фуқароларини ўлдириш учун фойдаланилаётган қурол-яроғ билан таъминлаш Эронни Россиянинг жиноий агрессияси, Украинага қарши уруш жиноятлари ва террорчилик ҳаракатларига шерик қилади», — дейилади ТИВ хабарида.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Европа Иттифоқини Россияга ёрдам бергани учун Эронга қарши санкциялар жорий этишга чақирди.

Вазирликнинг билдиришича, ўтган ҳафта давомида Россия Эроннинг камикадзе-дронларидан фойдаланиб, Украина шаҳарларига юздан ортиқ зарбалар берган: турар жой бинолари, электр станциялари, оқова сув тозалаш иншоотлари, кўприклар ва болалар майдончаларига зарар етказган.

8 октябрь куни Қрим кўпригида содир бўлган портлашдан сўнг Россия армияси Украина шаҳарларига, жумладан Киевга ҳам йирик зарбалар бера бошлади. Украина расмийларига кўра, отишмалар туфайли мамлакат энергетика инфратузилмасининг учдан бир қисми зарар кўрган.

The Washington Post нашри Эрон Россияга қурол етказиб беришни кучайтираётгани, дронлардан кейин Теҳрон қисқа масофали баллистик ракеталарни ҳам Москвага яширинча юборишга рози бўлгани ҳақида ёзганди.

Эрон нафақат дронларни, балки баллистик ракеталарини ҳам етказиб бериш орқали Россиянинг Украинадаги имкониятлари ва ҳарбий қудратини ошириши мумкин, дейди Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институтининг қуроллар бўйича эронлик эксперти Фарзин Надимий.

WP хабарига кўра, Эрон, шунингдек, Mujaher-6 ва Shahed-136 дронларининг янги партиясини Россияга етказиб беришга тайёрланмоқда. Бундан ташқари, эронлик техник ходимлар сўнгги ҳафталарда Россия назоратидаги Украина ҳудудларига бориб, россиялик ҳарбийларга дронларни бошқаришни ўргатган, деб ёзади газета.

Эрон Россияга қурол етказиб бераётганини рад этиб келади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина ТИВ Эронни Россиянинг «террорчилик ҳаракатлари ва агрессиясига» шерик деб атади