19:45 / 19.10.2022
1 706

Путин Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида ҳарбий ҳолат эълон қилди

Путин Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида ҳарбий ҳолат эълон қилди
Фото: TASS
Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакат президенти Владимир Путин Украинанинг октябр ойи бошида РФ таркибига қўшиб олинган тўрт ҳудудида ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонини имзолади.

Россия президенти Владимир Путин мамлакат Хавфсизлик кенгашининг ялпи мажлисини ўтказди. Йиғилишда Путин Россия эгаллаб олган Запорижжя, Херсон, «ДХР» ва «ЛХР»да ҳарбий ҳолат жорий этилишини маълум қилди.

Путин бу ҳудудларда ҳарбий ҳолат Россия қонунчилиги асосида жорий этилишини айтди. Чунки бу ҳудудлар Украина назоратида бўлганида ҳам ҳарбий ҳолат эълон қилинган ва унда жараён Украина қонунлари асосида амалга оширилган. Шунингдек, «махсус ҳарбий амалиёт» (Россияда урушни шундай аташади) давомида юзага келадиган эҳтиёжларни қондириш бўйича кўрсатмалар рўйхати ҳам тасдиқланди.

Путин ҳарбий ҳолат қанча муддатга жорий қилинганига аниқлик киритмади. Россия Запорижжя, Херсон, «ДХР» ва «ЛХР»ни 30 сентябр куни ўз сафига қўшиб олганини эълон қилган, аммо кўп ўтмай ушбу ҳудудлардаги бир неча шаҳарларни бой берганди. Охирги вақтларда Украина армияси яна қарши ҳужумларни кучайтиргани айтилмоқда.

Йиғилишда Россия ҳудудларида минтақавий мудофаа штаблари ташкил қилиниши айтилди. Россиядаги ҳудуд раҳбарлари эса қўшимча ваколатларга эга бўлади. Минтақавий мудофаа штаблари тузиш федерал марказини Москва мэри Сергей Собянин бошқаради.

Кенгаш мажлисида сафарбарликка жорий қилинган ҳар бир фуқаро ойига 195 минг рублдан олиши ҳам таъкидланди. «Махсус ҳарбий амалиёт» давомида таъминоти бўйича юзага келадиган масалаларни ҳал қилувчи кенгашни Россия бош вазири Михаил Мишустин бошқарадиган бўлди.

Украинанинг Россия эгаллаб олган 4 ҳудудида ҳарбий ҳолат 20 октябрдан амалда бўлади. Россия Вазирлар маҳкамаси бу даврда қандай чора-тадбирлар амал қилиши бўйича қўшимча маълумотлар эълон қилади. Путин ҳарбий ҳолат тўғрисида тегишли фармонни имзолаб бўлди.

«Отишмалар давом этмоқда»

Аввалроқ «Верстка» нашри Россия парламенти юқори палатаси бугунги йиғилиш танаффусидан кейин ҳам кечаси ялпи мажлисни давом эттириши ҳақида ёзганди. Мажлиснинг кечқурунги қисми бўлиши ҳақида маълумотни Федерация кенгаши спикери Валентина Маткиенко ҳам тасдиқлади.

Хавфсизлик кенгашининг бугунги йиғилиши миграция мавзусида ўтказилиши айтилганди. Кенгаш раиси ўринбосари Дмитрий Медведев бу ҳақда маъруза ҳам қилган, лекин уни ОАВда ҳам эълон қилишмади, ТВда ҳам кўрсатишмади.

Россия давлат каналлари Путиннинг нутқидан кейин йиғилишни узиб қўйишди.

Путин Россия эгаллаб олган ҳудудларда ҳарбий ҳолат эълон қилиш сабабини изоҳлар экан, буни «Украина ҳар қандай музокаралардан бош тортаётгани» ва отишмани давом эттираётгани билан изоҳлади. «Бизнинг ҳудудларимизга диверсион гуруҳларни ташлашмоқда», деди Путин. У ўз нутқида Қримдаги портлашни ҳам тилга олиб ўтди.

Путин имзолаган фармонда «Ҳарбий ҳолат вақтида ўзгача чоралар қўлланиши» ҳақида сўз боради. Аммо бу қандай чоралар экани аниқ эмас.

Чегара ёпилмайди

Россияда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ асосий хавотир чегаралар ёпилиши ва мамлакатни тарк этиш имконияти йўққа чиқиши ҳақида эди.

Тўрт ҳудудда ҳарбий ҳолат эълон қилинишига қарамай, Россиянинг барча чегараларини босиб олиш ҳақида сўз бормаган. Путиннинг чиқишидан кейин, унинг матбуот котиби Дмитрий Песков чегараларни ёпиш «режалаштирилмаётгани»ни айтди.

Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Евгений Иванов ҳам мамлакатдан чиқишга тақиқ ўрнатилиши ҳақидаги хабарларни рад этди. «Агар ТИВ йўналишида гапирадиган бўлсам, биз бу масала ишлаб чиқилаётгани ҳақида ҳам эшитмадик», дея унинг сўзларини келтиради «Коммерсант».

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг