09:19 / 20.10.2022
1 223

Украина расмий равишда Исроилдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сўради

Украина расмий равишда Исроилдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сўради
Фото: Wikimedia
Украина расмий равишда Исроилдан Россия томонидан ишлатилаётган Эрон ҳужумчи учувчисиз учоқлари ва келажакда баллистик ракеталарига қарши туришга имкон берадиган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сўради. Бу ҳақда Американинг Axios янгиликлар интернет портали Украинанинг Исроилдаги элчихонасининг ушбу мамлакат ҳукуматига йўллаган тегишли хати нусхасини эълон қилган ҳолда хабар берди.

Ҳужжатда Киев сўраган қуроллар орасида Iron Beam, Barak-8, Patriot, Iron Dome, David's Sling ва Arrow Interceptor тизимлари номи келтирилган.

Мактубда Россиянинг Эронда ишлаб чиқарилган учувчисиз учоқлар ёрдамида Украинадаги шаҳарлар ва фуқаролик инфратузилмаларига қарши янги ҳужум усулини қўллагани таъкидланган ҳамда ОАВда Эрондан Москвага Fateh ва Zolfagar ракеталари етказиб берилгани ҳақида хабарлар келтирилгани айтилган.

«Шу нуқтайи назардан ва тинч аҳоли ҳимоясини таъминлаш мақсадида Украина Исроилга ҳаво ва ракеталарга қарши мудофаа соҳасида ҳамкорликни бошлаш тўғрисида расмий сўров юборяпти», дейилади хабарда.

Аввалроқ Исроил мудофаа вазири Бени Ганц унинг мамлакати Киевга қурол-яроғ етказиб беришни ҳамон рад қилаётганини айтганди. Ганц Исроил Украинага фақат тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатаётганини ва келажакда ҳам шундай қилишини таъкидлади.

Бундан олдин Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Исроилдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришни сўраш ниятида эканлигини маълум қилган эди. «Эрон Исроил учун қизил чизиқдир ва Эрон Украинага қарши тажовуз жиноятига бевосита шерик бўлганидан сўнг, менимча, Исроилда Украинага ёрдам бериш ёки ёрдам бермаслик борасида шубҳаси бўлган ҳеч ким қолмайди. Бу шубҳаларни йўққа чиқариш керак», деди у брифингда.

Украина расмийлари Россияни сўнгги ҳафталарда Эронда ишлаб чиқарилган Shahed-136 дронларидан фойдаланган ҳолда Украина энергетика инфратузилмасини ўққа тутишда айбламоқда. Киевга кўра, сўнгги бир неча кун ичида Россия ҳужумлари оқибатида 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Эрон Россияга ўзининг дронлари етказиб берилаётганини рад этди, Россия эса бу маълумотга изоҳ бермаяпти.

Шу билан бирга, Украина ҳукумати Эрон учувчисиз учоқларини етказиб бериш кенгайтирилганини эълон қилди: уларнинг биринчи партияси 300 дона, иккинчи партиясига 2400 та дрон киради, деди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович. Унга кўра, Россия 2-3 ой давомида дронлардан фойдаланган ҳолда Украинага ҳозирги суръатда ҳужум қилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг