Анталияда ботоксдан кейин 16 кишининг аҳволи ёмонлашди

Туркиянинг Анталия шаҳрида сўнгги уч ой давомида косметик мақсадда ботокс муолажасини олган 16 киши соғлиғи ёмонлашгани сабабли шифохонага ётқизилди.
DHA ахборот агентлигининг 2026 йил 12 октябрдаги хабарига кўра, беморларда ютиш ва гапириш қийинлашиши, нафас олишда муаммолар ҳамда мушаклар кучсизлиги кузатилган. Уларнинг айримлари сунъий нафас олдириш аппаратига уланган, уч нафари эса жонлантириш бўлимида даволанган. Енгилроқ аломатлар кузатилган беморларга амбулатор ёрдам кўрсатилган.
Акдениз университети шифохонаси неврология мутахассиси, профессор Эбру Ападин Доғоннинг айтишича, беморларнинг барчасида косметик муолажалардан кейин заҳарланишга хос аломатлар кузатилган. Мутахассис номаълум манбадан олинган препаратлар ёки муолажани етарли малакага эга бўлмаган шахслар бажариши хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлаган.
Шифохонага мурожаат қилган беморлардан бири ботокс муолажасидан бир неча кун ўтгач, қовоғи тушиб кетгани ва ютишда қийнала бошлаганини айтган. Унинг даъвосига кўра, муолажани шифокор эмас, балки клиника котибаси бажарган.
Ҳозирда беморларга ботокс муолажаси қаерда ва кимлар томонидан ўтказилгани ўрганилмоқда. Сўнгги бир ҳафтада неврология бўлимига ётқизилган етти беморнинг ҳолати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳам хабар қилинган.
Мутахассислар ботокс муолажасини лицензияга эга тиббий муассасада, тегишли малакага эга шифокорга қилдириш ва препаратнинг келиб чиқиши ҳамда сифатига эътибор бериш зарурлигини эслатган.






























Изоҳлар 0
…