21:11 / 21.10.2022
1 874

Буюк Британиянинг янги бош вазири ким бўлади? Асосий номзодлар уч киши

Буюк Британиянинг янги бош вазири ким бўлади? Асосий номзодлар уч киши
Фото: BBCRussian
Бош вазир Лиз Трасснинг истеъфога чиқиш ҳақидаги баёнотидан кейин Буюк Британия Консерватив партиясида етакчилик учун яна кураш бошланди. Юқори мартабали торилар партиядошлари орасида тарафдор йиғишга киришди, экспертлар фикрича, партия раҳбарлиги ҳамда бош вазирлик учун эҳтимолий номзодлар ҳукуматнинг собиқ раҳбари Борис Жонсон, собиқ молия вазири Риши Сунак ва Жамоатлар палатаси раиси Пенни Мордонт ҳисобланади.

Бу уч сиёсатчининг ҳеч бири ҳозирча бош вазирлик пойгасида иштирок этиш нияти ҳақида расман эълон қилмади.

Лиз Трасс пайшанба куни ўзининг иқтисодий сиёсати муваффақиятсизликка юз тутиши фонида истеъфо берди, у Буюк Британия бош вазирлигида олти ҳафтага яқин муддат қола олди. Янги бош вазир номи кейинги жума куниёқ маълум бўлиши кутилмоқда.

Душанба куни соат 14:00 га қадар номзодлар камида юз нафар консерватор депутат қўллаб-қувватловига эришиши керак. Агар бунга фақат бир сиёсатчи эриша олса, у автоматик равишда бош вазирга айланади. Агар номзодлар сони бир неча нафарни ташкил этса (парламентарий-торилар сонидан келиб чиққан ҳолда, пойгада кўпи билан уч нафар сиёсатчи қатнашиши мумкин), уларнинг номзодлари Консерватив партиянинг барча аъзолари томонидан овоз беришга қўйилади.

Жонсоннинг имкониятлари қандай?

Унинг курашга қўшилиш-қўшилмаслиги ҳозирча аниқ эмас, аммо мутахассислар ёзда шов-шувли можаро билан бош вазирликдан кетганига қарамай, унинг имкониятларини ёмон эмаслигини айтишмоқда. Пайшанба куни Жонсон Кариб оролларидаги таътилини тўхтатиб, зудлик билан Лондонга қайтаётгани маълум бўлди.

Фото: LEON NEAL/ GETTY IMAGES NEWS
«Мен сўнгги 24 соат ичида ўз фикримни ўзгартирдим. Ўзим чиндан ҳурмат қиладиган ва одатда рақамлар борасида жуда яхши бўлган икки-уч кишидан эшитдимки, у нафақат 100 талик нуқтадан ўтади, балки 140 нафарга яқин депутат унинг номзодини қўллаб-қувватлаши мумкин», деди Консерватив партия тарафдорларининг ConservativeHome сайтига асос солган Тим Монтгомери BBC Radio’4 нинг Today эфирида.

Партияда Жонсонга содиқ тарафдорлар сони кам эмас. Тадбиркорлик, энергетики ва саноат стратегияси вазирлиги раҳбари Жейкоб Рис-Могг парламентдаги консерваторларни айнан унинг номзодини илгари суришга чақирди.

Жонсонни унинг ҳукуматида ички ишлар вазири бўлган Прити Пател ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда.

Унинг иттифоқчилари фикрига кўра, Борис Жонсоннинг катта сиёсатга муваффақиятли қайтиши бош вазирлик учун яна бир номзод бўлган Риши Сунак билан ярашишига олиб келиши мумкн, унинг ҳукуматида молия вазири бўлган Сунак июл ойида истеъфо бериши Жонсон ҳукуматини инқирозга олиб келганди.

Лиз Трасс янги бош вазир ва Консерватив партиянинг янги раҳбари сифатида унга сайловларда рақиблик қилган Сунак билан. 2022 йил 5 сентябр
Stefan Rousseau / AFP / Scanpix / LETA

Бошқа номзодлар тўғрисида қисқача

Риши Сунак

Ёзда Жонсон истеъфога чиққач, Руши Сунак ва Пенни Мордонт Консерватив партия раҳбарлиги учун пойгада қатнашишган. Ўшанда биринчи раундда Сунак биринчи, Мордонт иккинчи, Лиз Трасс учинчи бўлганди.

У Британия парламенти депутати бўлганига кўп вақт бўлмаган - бу 2015 йилда рўй берган. 2019 йилда Жонсон ҳукуматида молия вазири (канцлер) этиб тайинланган ва бу лавозимда 2022 йил 5 июлига қадар қолган, ўшанда у ўз ҳамкасби, соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ортидан истеъфо берганди.

Уларнинг иккиси ҳам лавозимидан кетаркан, Борис Жонсоннинг ҳаракатларини кескин қоралашганди.

Сунак ториларнинг бўлажак етакчиси сифатида кўрилаётганди, аммо унинг рафиқаси Акшату Мурти атрофидаги можаро панд берди. Отасининг Ҳиндистондаги Infosys компаниясида катта улушга эга бўлган ва ўтган йили дивидендлар сифатида 10 млн фунтдан ортиқ даромад олган Мурти Британияда норезидентлик баҳонасида солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланган ва бу унинг турмуш ўртоғининг обрўсига путур етказган.

Пенни Мордонт

2019 йилда Пенни Мордонт Британия мудофаа вазири бўлган тарихдаги илк аёлга айланади.

Унинг сиёсий фаолияти Дэвид Камерон ҳукуматида бошланган, у ўшанда қуролли кучлар бўйича вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган. Консерваторлар партиясига эса у ўсмирлик чоғидаёқ келган, у ёш торилар ҳаракати сафларида бўлган.

Ҳозирда у Жамоатлар палатаси раиси ва Ворислик кенгаши лорд-раиси ҳисобланади. Шу туфайли у қиролича Елизавета II ўлимидан кейинги дафн тадбирларида иштирок этганди. Хусусан, Чарлз III тахтга чиққани расман қайд этилган ҳужжатга унинг имзоси ҳам қўйилган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг