
Фото: Reuters
Украина энергетика объектларига эрталабки ҳужумлар натижасида етказилган зарар кўлами «10—12 октябр кунлари бўлган ҳужум оқибатлари билан тенг ёки ундан ошиб кетиши мумкин», деб хабар қилди «Укрэнерго».
Россия қўшинлари 22 октябр, шанба куни Украина ғарбий минтақалари магистраль тармоқларининг энергетика объектларига навбатдаги ракета ҳужумини амалга оширди. «Зарар кўлами 10-12 октябрь кунлари содир бўлган ҳужум оқибатлари билан тенг ёки ҳатто ундан ҳам ошиб кетиши мумкин», — деб хабар берди «Укрэнерго» миллий энергетика компанияси.
Компания маълумотларига кўра, фавқулодда вазиятлар давлат хизмати қутқарувчилари ракета зарбалари оқибатларини бартараф этиши билан «Укрэнерго»нинг таъмирлаш бригадалари тиклаш ишларини бошлайди. Қайд этилишича, шу пайтгача электр энергиясисиз қолган ҳудудларда электр таъминотини тезроқ тиклаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.
Ҳозирда Киев ва 10 та област: Киев, Чернигов, Черкаси, Житомир, Суми, Харкив, Полтава, Днипропетровск, Запорижжя ва Кировохрадда электр таъминоти мажбурий равишда чекланди. «Истеъмол чекловлари тармоқлардаги юкни камайтириш ва электр тармоқлари террорчилик ракета ҳужумлари натижасида шикастланганидан кейин такрорий носозликлар олдини олиш учун зарур», - дейилади «Укрэнерго» баёнотида.
Украина бош вазири Денис Шмихалнинг сўзларига кўра, 10 октябрдан 20 октябргача Россия қўшинларининг ўққа тутиши натижасида Украинанинг 16 минтақасидаги 400 дан ортиқ объект зарар кўрган.
Украинанинг бир қатор ҳудудлари 22 октябр куни эрталаб Россия ракета зарбаларига учради. Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермакнинг айтишича, ракета ҳужуми нишони фуқаролик инфратузилмаси бўлган. «Одамлар билан уришаётган террорчиларнинг фуқаролик инфратузилмасига навбатдаги ракета ҳужумлари. Ҳечқиси йўқ, омон қоламиз», деб ёзди у Telegram-каналида.
Жойлардан олинган хабарларга қараганда, гап яна энергетика инфратузилмаси объектларига ҳужумлар ҳақида кетяпти. Хусусан, Кировохрад ва Одесса областлари раҳбарлари, шунингдек, Ровно мэри ва Луцк мэри энергетика объектларига қилинган ҳужум ҳақида хабар беришган. Одесса области, Хмелницкий ва Луцкнинг бир қанча аҳоли пунктларида электр энергияси йўқ.
Украина президенти девони маслаҳатчиси Олексий Арестович Facebook’да ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Киев томон учаётган барча бешта ракетани уриб туширганини ёзди. Шаҳар мэри Виталий Кличко уриб туширилган ракеталар ҳақидаги маълумотни тасдиқлади, бироқ уларнинг аниқ сонини айтмади. У аҳолини бошпаналарда қолишга ва электр энергиясини тежашга чақирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар