
Фото: Reuters
The Insider, Bellingcat ва Der Spiegel журналлари томонидан олиб борилган тергов натижаларига кўра, «Украинада тинч аҳолини ўлдиришда иштирок этган» 30 дан ортиқ ҳарбий муҳандислар гуруҳи аниқланган.
24 октябр, душанба куни The Insider, Bellingcat ва Der Spiegel Украинадаги объектларни юқори аниқликдаги ракеталарда нишонга олиш билан шуғулланувчи Россия Қуролли кучлари Бош ҳисоблаш марказининг (БҲМ) махфий бўлинмаси бўйича қўшма текширувни эълон қилди. У фуқаролик инфратузилмасига ҳужумларда иштирок этган бўлиши мумкин.
Журналистлар ушбу бўлинмада 30 дан ортиқ россиялик ҳарбий муҳандисларни аниқлашга муваффақ бўлишди, уларнинг аксарияти «ахборот технологиялари ва ҳатто компьютер ўйинларини ишлаб чиқишда тажрибага эга бўлган ёш йигит ва қизлар». «Уларнинг қўнғироқлари ўққа тутиш вақти билан солиштирилди, бу шахслар Украинада тинч аҳолини ўлдиришга алоқадорлигини тасдиқлайди», деб ёзади The Insider.
Уларни топиш учун суриштирув муаллифлари Россиянинг етакчи ҳарбий институтларининг ракета ва нишонни белгилаш бўйича ихтисослашган минглаб битирувчилари маълумотларини таҳлил қилишди. Маълум бўлишича, ўқишни тамомлаб, Бош ҳисоблаш маркази хизматига кирган ракетачилар Россия Бош штабининг расмий манзили бўлган Москвадаги Знаменка кўчаси, 19-уйда яшаб, ишлаётган сифатида рўйхатга олинган.
Текширув муаллифлари БҲМ бошлиғи генерал-майор Роберт Барановнинг 2022 йил 24 февралдан апрель ойи охиригача бўлган телефон суҳбатлари метамаълумотларини ўрганиб чиқди. Ҳар сафар Украинада қанотли ракеталарни учирмасдан олдин унга битта рақамдан қўнғироқлар бўлган, журналистлар аниқлашича, бу рақам полковник Игор Багнюкка тегишли. У ҳам Знаменка, 19 да рўйхатга олинган.
Багнюк қўнғироқларининг метамаълумотларини ўрганиб чиққандан сўнг, суриштирувчилар полковникка бўйсунадиган 33 нафар ҳарбий муҳандис ва айти мутахассислардан иборат бутун бир бўлинмани аниқлади. У учта жамоадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири битта турдаги юқори аниқликдаги ракеталарнинг парвоз йўлларини дастурлаштиради: денгизда жойлашган Калибр қанотли ракеталари, ерда жойлашган «Искандер» тизимлари учун Р-500 қанотли ракеталари ва ҳаводан учириладиган Х-101 қанотли ракеталари.
The Insider журналистлари нишонлар ҳақида маълумот бериб турувчи шахслар билан «олинган биллинг ёрдамида» телефон орқали боғланишди. Барча абонентлар телефон рақамлари ўзларига тегишли эканлигини тан олди, бироқ улар Бош ҳисоблаш марказида ишлаши ва Украинанинг ўққа тутилишига алоқаси борлигини рад этди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар