
«The Line» денгиздан бошланади. Фото: neom.com
Жаҳоннинг 56 фоиз аҳолиси айни пайтда шаҳарларда истиқомат қилишади. Шаҳарлардаги барқарорлик ва жамоатчилик фаровонлиги жаҳондаги барча давлатлар ҳукуматлари учун жиддий муаммо бўлмоқда. Бу муаммони ечиш учун Саудия Арабистони горизонтал осмонўпар бинолар кўринишидаги 170 км узунликдаги «The Line» («Чизиқ») футуристик шаҳар қуришга аҳд қилди.
Лойиҳанинг ишлаб чиқарувчиси Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон бошқарувидаги машҳур NEOM технопаркидир.
«The Line» нима ўзи?
«Чизиқ» — NEOM томонидан яратилган, инсон учун мўлжалланган футуристик шаҳар концепцияси бўлиб, лойиҳа анъанавий шаҳар ҳаёти ва урбанизм учун ўзига хос инқилоб бўлиши кутилмоқда. NEOM сўзи қадимий юнонча neos (янги) сўзини билдиради, ёки арабча мустақбал, янги келажак дегани. Келажак шаҳри «The Line»нинг илк режаси 2021 йилнинг январида NEOM директорлар кенгаши раиси Муҳаммад ибн Салмон томонидан эълон қилинган эди.
«The Line» Саудия Арабистонида шаҳар ривожланиши ва табиатни асраб қолиш учун уйғунликка эришишга қаратилган.
«Чизиқ» шаҳри 9 миллион аҳолига мўлжалланган бўлиб, 34 квадрат километр майдонни эгаллайди. Лойиҳа қиймати 1 триллион доллар. Одамлар барча объектларга ё пиёда, ё юқори тезликли темирйўл орқали узоғи билан 20 дақиқада етиб ололади. Лойиҳа асосланган моделга кўра, одамлар ўзларига зарар объектгача энг кўпи билан 5 дақиқа пиёда юришади.

Шаҳарда барча шароит бўлади. Фото: zdf.de
Шаҳзода бошқараётган NEOM ҳақида
Саудия Арабистонининг шимоли-ғарбида, Қизил денгиз соҳилларида жойлашган ва 41 та соҳилолди оролларидан иборат NEOM (янги келажак) тадбиркорлик, янги технологиялар, атроф-муҳитни авайлаб асраш ва обод қилиш учун янги моделларни лойиҳаловчи тирик лабораториядир.

Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон «The Line» тақдимотида. Фото: ajel.sa
Режалаштирувчиларнинг айтишича, Саудиянинг давлат инвестициялари, шунингдек, маҳаллий ва халқаро инвесторларнинг дастаги остида 1 триллион долларлик NEOM лойиҳаси гипербоғланган, когнитив шаҳарчалар, бандаргоҳлар ва тадбиркорлик зоналари, тадқиқот марказлари, спорт ва кўнгилочар марказлар ва туристик йўналишларни ўз ичига олади.
У глобал инвестицияларни жалб қилиш учун идеал жойлашган, чунки жаҳон савдо оқимларининг 13 фоизи Қизил денгиз орқали ўтади, жаҳоннинг 40 фоиз қисми ҳаво орқали 6 соатлик парвоз масофасида.

NEOM тирик лабораторияси. Фото: flipboard.com
NEOM’нинг уникал жўғрофий жойлашуви ҳам мўътадил иқлимни таъминлайди ва у ерда ҳарорат Арабистон яриморолининг қолган қисмига нисбатан ўртача 10 даражага пастроқ.
Vision 2030 режасининг бир қисми
«The Line» Саудия Арабистонида қабул қилинган Vision 2030 режасининг бир қисмидир. Бундан ташқари, NEOM технопарки «The Line»да сунъий идрок маълумотлар ва прогнозлаш моделларидан фойдаланиб, кундалик ҳаётни яхшилаб боришни ваъда қилмоқда.

Шаҳар қурилиши аллақачон бошлаб юборилган. Фото: dezeen.com
Дизайн аллақачон ўзининг дадиллиги ва амбициялари туфайли яхши тақризлар олган. Лондонлик иқтисодчи Муҳаммад Рамадийнинг айтишича, «The Line» айрим анъанавий шаҳар қурувчиларининг скептик қарашларига қарамасдан инқилобий лойиҳа.
«Урбанизм концепцияси келгуси авлодлар томонидан тарихдаги даврларни белгилаб берган, одамлар осон қабул қилмаган улкан шаҳар қурилишларига таққосласа бўладиган тикланадиган энергия манбалари, шаҳар ҳаёти ҳамжамиятнинг яшовчан усули ўлароқ қабул қиладиган нарса бўлади. Валиаҳд шаҳзоданинг дадил таклифлари NEOM’дан фақат Саудия Арабистони эмас, бутун инсоният ютишини аниқ таъкидламоқда», — деган Рамадий.

Икки «девор» орасидаги боғ-у роғлар. Фото: thenextweb.com
Ҳа, «The Line» тикланувчан энергия манбаларига уланади. Чунки барқарорлик лойиҳага асос қилиб олинган, NEOM фойдаланадиган ерларнинг 95 фоизи атроф-муҳитни асраш учун сақлаб қўйилган. NEOMдаги барча энергия 100 фоиз қайта тикланади — қуёш ва шамол энергиялари, электр энергиясини водороддан олиш — соф ва ифлосланмаган шаҳар муҳитини яратади.
Автомобилларсиз шаҳар
NEOM режасига кўра, ҳеч қандай автомобиллар бўлмайди ва заҳарли газлар ҳам ишлаб чиқарилмайди. Анъанавий шаҳарлардан фарқли ўлароқ, инсонларнинг саломатлиги ва фаровонлиги транспорт ва инфратузилмадан устун кўрилади. Энди бор-йўғи 200 метр, узунлиги 170 километр ва баландлиги 500 метргача бу — икки горизонтал осмонўпар биноларнинг ўлчамлари.

Коинотдан қаралса шаҳар 170 км узунликдаги чизиқ кўринишида намоён бўлади. Фото: dailymail.co.uk
Шаҳар ҳамжамияти автомобиллар эмас, инсонлар атрофида қурилади, бутун шаҳар ҳудудларни боғловчи йўлкалардан иборат бўлади. Йўллар ва кўчалар ўрнини боғлар ва яшил ўсимликлардан иборат майдонлар ва хиёбонлар эгаллайди. Сунъий идрок аҳоли ва корхоналар учун вақтни тежаш мақсадида ҳаётни енгиллаштириш усулларини ўрганади ва прогноз қилади.
«The Line» шаҳрини тўртта турли экология зоналар бирлаштиради: соҳил, чўл, тоғ ва баланд водий. Табиат яшаш шароитлари ва фаровонликни яхшилаши учун ҳамжамият юрагига интеграция қилинади. Шаҳар шунингдек қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудудларга ҳам бўлинади ва у ерда озиқ-овқат маҳсулотлари барқарор ишлаб чиқарилади.
Футуристик шаҳар тузилмаси
Лойиҳанинг тасвирларига эътибор берилса иккита параллел деворсимон конструкция ва уларнинг орасидаги эркин маконга кўз тушади. Шаҳарнинг фасади тўлиқ кўзгусимон бўлади. Урбанизация анъанавий шаҳар режалаштириш моделларидаги каби вертикал эмас, горизонтал шаклда ривожланади.
NEOM’нинг шаҳар режалаштириш бўйича ижрочи директори Тариқ Каддумийнинг айтишича, NEOM барқарор қурилиш материаллари ва усуллари устида ҳам тадқиқотлар олиб бормоқда. Улар 9 миллион киши яшайдиган шаҳарда углерод ажралиб чиқишини нолга тушириш учун нима қилиш кераклиги устида ишлашмоқда.
Ишлаб чиқарувчилар бу концепцияни «вазнсизлик урбанизми» деб ҳам аташмоқда. Денгиз сатҳидан 500 метр баландликка кўтарилар экан, бу конструкция Эмпайр Стейт Билдинг каби кўплаб осмонўпар бинолардан ҳам баландроқ бўлишини билдиради.

«Чизиқ» кўплаб машҳур осмонўпар бинолардан ҳам баландроқ бўлади. Фото: dailymail.co.uk
«Чизиқ»даги шаҳар ҳаёти уч ўлчамда ташкил этилади; вазнсизликдаги урбанизмдан иккита ҳосила бу — гиперяқинлик ва гипераралашув. Яъни объектлар бир бирига жуда яқин ва аралашган ҳолда бўлади. Гиперяқин шаҳар модели автомобилларга мўлжалланган дизайнга эмас, мултимодал ташувларга ихтисослашади.
Ушбу лойиҳа доирасида Саудия Арабистони 380 минг иш ўрни яратишни ҳам мақсад қилган.
Албатта, Келажак шаҳри «Чизиқ»ни танқид қилаётганлар ҳам топилмоқда. Анъанавий шаҳар дизайнерлари ва катта шаҳарлардаги ҳаёт сифати танқидчилари шуғулланишмоқда. Шаҳар 34 кв км майдонни эгаллайди ва у бир кишига 4 кв метр жой тегади дегани. Гарчи NEOM «The Line» моделини углерод ажралиб чиқиши нолга тенг бўлган эко-шаҳар деб атаётган бўлса-да, миқёслар ва ижтимоий мақсадлар лойиҳа атроф-муҳити олдига қўядиган жиддий саволларни келтириб чиқармоқда. Шунингдек, шаҳар ташқи деворларининг кўзгусимон бўлиши жониворлар ва қушлар учун экологик ҳалокат келтириб чиқариши мумкинлиги ҳам таъкидлаб ўтилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар