09:34 / 31.10.2022
2 201

Финландия мафиясида Украинадан келган қуроллар топилди

Финландия мафиясида Украинадан келган қуроллар топилди
Иллюстратив фото
Россия босқинидан ҳимоя қилиш учун Украинага юборилган қуроллар Финландия жиноий гуруҳлари қўлига тушган бўлиши мумкин. Бу ҳақда 30 октябр, якшанба куни Финландия Марказий жиноий полицияси разведка маълумотларига таяниб маълум қилди. Гап, хусусан, милтиқлар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин, деди жиноятларни тергов қилиши бўйича полиция бўлинмаси комиссари Кристер Аҳлгрен Yle давлат медиакомпаниясига берган интервьюсида.

Унга кўра, Украинага мўлжалланган қуроллар Швеция, Дания ва Нидерландияда ҳам топилган. Яширин қурол савдоси, шунингдек, уюшган жиноятчиликка алоқадор халқаро миқёсда фаолият юритувчи байкер клублари орқали ҳам амалга оширилади. Масалан, йирик глобал жиноят синдикати ҳисобланган Bandidos MC байкерлар клубининг Украина ҳар бир йирик шаҳрида филиаллари бор, деди Аҳлгрен. Унинг қўшимча қилишича, қуроллар Финландияга денгиз орқали етказилган бўлиши мумкин, чунки портлар аэропортларга қараганда камроқ назорат қилинади.

Аҳлгрен ҳозирги вазиятни 1990-йиллардаги Югославия урушларидан кейинги полиция тажрибаси билан қиёслади, ўшанда контрабанда қуроллари кўплаб Европа мамлакатларига кириб борди. «Украина катта миқдордаги қурол-яроғ олди, бу яхши. Лекин биз улар билан ўнлаб йиллар давомида тўқнаш келишимизга тўғри келади. Бу биз тўлашимиз керак бўлган нарх», - деди комиссар.

Июль ойида Европа Иттифоқи полиция хизмати - Европол жиноий гуруҳлар Украинадан Европа Иттифоқи мамлакатларига «катта миқдордаги ўқотар қурол ва ўқ-дориларни» контрабанда йўли билан олиб кириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Европол Украинани ўқотар қуроллар билан тарк этишга уриниш ҳолатлари ҳақида хабар берди. Полиция хизмати Украинанинг Европа Иттифоқи билан чегарасида контрабанда учун яширин жойлар ташкил этилганини ҳам тахмин қилмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг