
Фото: Getty Images
Украина Херсон вилоятида артиллерия устунлигига эга бўлди, деб ёзмоқда The New York Times (NYT) маҳаллий қўмондонлик ва ҳарбий экспертларга таяниб. Бунинг сабаби, 29 октябр, шанба куни эълон қилинган репортажда айтилишича, Ғарбнинг узоқ масофага учувчи ва юқори аниқликдаги ракеталари ва артиллерия снарядлари Россияда етишмаётган қуроллар синфига киради.
Украина жангчилари миллионлаб долларлик рус техникасини йўқ қилди, деб ёзади NYT. Бунда улар нафақат АҚШ ва иттифоқчилар томонидан тақдим этилган қурол-яроғлардан, балки қўлбола учувчисиз учоқлар, шунингдек, янада илғор дронлардан ҳам фойдаланяпти. Шу билан бирга, Россия «қанотли ракеталар, катта армия ва миллионлаб артиллерия снарядлари билан, гарчи ноаниқ бўлса ҳам, қўрқинчли куч бўлиб қолмоқда», деб таъкидлайди газета. Унинг баҳолашича, артиллериядаги устунлик Украина Қуролли кучларига Херсон томон, йўқотишлар эвазига бўлса-да, аста-секин олдинга силжиш имконини берди.
Украина қўмондонлигига кўра, ҳозир томонлар тахминан тенг миқдордаги зарбалар алмашишмоқда. Бироқ, украиналиклар Ғарб томонидан тақдим этилган сунъий йўлдош ёрдамида бошқариладиган ракеталар ва артиллерия снарядлари туфайли нафақат узоқроқ, балки аниқроқ зарба беряпти, дейди NYT суҳбатдошлари.
«Биз уларга ета оляпмиз, лекин улар бизга ета олмаяпти. Уларда бундай қуроллар йўқ», деди Херсон фронтидаги артиллерия батареясига қўмондонлик қилаётган Украина армияси майори NYT'га. Унинг сўзларига кўра, Россия армиясидан ўқ узиш интенсивлиги уч баравар камайди, бу эса Россия кучлари учун ўқ-дорилар етишмаётганидан далолат бериши мумкин. «Россия армияси чексиз, деган фикр бор, аммо бу афсона», - дея таъкидлади украиналик ҳарбий.
Бундан ташқари, репортажга кўра, америкаликлар томонидан тақдим этилган M777 гаубицалари юқори аниқликдаги снарядлар билан отади ҳамда бундай ўққа тутиш русларни оғир техникани фронт чизиғидан узоқроққа жойлаштиришга мажбур қилган. NYT, шунингдек, Херсонга таъминот воситаси - Днипро бўйлаб ўтган кўприклар Украина артиллерияси ҳудуди оралиғида жойлашгани ва фойдаланишга асосан яроқсиз эканлигига эътибор қаратади. «Гап рус қўшинлари Херсонда қанча вақт тура олишида», деб ёзади газета. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар