
Эрон ТИВ раҳбари украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан телефон орқали суҳбатида Украинадаги урушда Эрон дронларидан фойдаланилгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, Украинада баъзи экстремист Европа сиёсатчиларининг таъсирига тушмасликни тавсия қилди.
Эрон ОАВга кўра, суҳбат чоғида Украина инқирози билан боғлиқ сўнгги ўзгаришлар ва икки томонлама масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Эрон ТИВ раҳбари Амир Абдуллоҳиён Украинадаги урушда Эрон Ислом республикаси дронларидан фойдаланилгани ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этганини таъкидлади. Шунингдек, Эрон 8 йиллик урушни бошдан кечиргани, шунинг учун Украина, Яман ҳамда бошқа давлатларда бўлаётган можароларга қаршилигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Абдуллоҳиён: «Биз Россия билан яхши муносабатларга эгамиз ва аввалдан мудофаа соҳасида ҳамкорлик қиламиз. Аммо бизнинг Украинадаги урушга нисбатан сиёсатимиз мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, зиддиятга тушиб қолган томонларга қурол юбормаслик, урушни тўхтатиш ва одамларнинг кўчирилишига чек қўйишдан иборат», деб изоҳлади.
Вазир Теҳрон ҳеч қандай воситачига муҳтож бўлмай икки давлат ўртасида ҳарбий экспертлар иштирокида техник учрашувлар ўтказишга тайёрлигини ҳам қайд этди.
Телефон орқали суҳбатда Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба Эрон Ислом республикасининг Украинага қарши урушда қўлланадиган қуролларни юбормаслик ҳақидаги позициясини юқори баҳолаб, икки давлат ҳарбий-техник делегацияси муҳокамасини муҳим деб баҳолади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар