
Фото: ТАСС
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин Россиядаги қисман сафарбарлик якунларидан норози эканини маълум қилди.
«Утро.ру» нашри «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожиндан сафарбарлик якунлари ҳақида сўради.
«Жума куни Россияда қисман сафарбарлик якунлангани эълон қилинди. Унинг якунларига қандай баҳо берасиз?», дейилади таҳририят саволида.
Бунга жавобан Пригожин шундай деди: «Ҳа, дарҳақиқат аҳолининг сафарбарлиги ўтказилди. Саноатнинг сафарбарлиги ўтказилмоқда, аммо зўр-базўр. Ўтказилмай қолган энг асосий нарса — элита сафарбар қилинмади. Олигархлар ва элитанинг бошқа вакиллари чексиз қулайликда яшаётган эди, шундай яшашда давом этмоқда. Уларнинг фарзандлари урушга бормагунча, мамлакат тўлиқ сафарбар қилинмайди».
Евгений Пригожин 61 ёшда, россиялик тадбиркор, олигарх, Россия президенти Путиннинг ишончли вакили, давлатнинг олий мартабали шахслари овқатланишини ташкил қилгани боис, матбуотда «Путиннинг ошпази» лақабини олган.
2016 йилдан буён АҚШ, 2020 йилдан Европа Иттифоқи ва Буюк Британия, 2022 йилдан Австралия, Канада ва Япония санкциялари остида. 2022 йил июл ойида АҚШ Давлат департаменти Қўшма Штатлардаги сиёсий ва сайлов жараёнларига аралашгани учун Пригожинга нисбатан қидирув ва унинг қаерда экани ҳақидаги маълумот учун учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилган.
Евгений Пригожин «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси ҳисобланади. Гуруҳ 2014 йилда Украинада, кейинчалик Сурия, Ливия ва Марказий Африка Республикасидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани ҳақида маълумотлар бор.
2017 йилда гуруҳ АҚШ санкциялари рўйхатига киритилди. 2021 йилда Европа Иттифоқи гуруҳни Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилишда, Сурия ва Ливиядаги вазиятни издан чиқаришда, инсон ҳуқуқларини қўпол бузганликда айблаб, санкциялар жорий қилди.
Шунингдек, БМТ ва Франция «Вагнер» жангчиларини Марказий Африка Республикасидаги зўравонликлар ва қотилликларда айблайди.
Аввалроқ, Пригожин Россия жазони ўташ муассасаларидаги маҳбусларни Украинадаги урушга юбориш учун «Вагнер» таркибига ёллаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар