date
views 1 327

Россия Мудофаа вазирлиги қисман сафарбарлик якунланганини эълон қилди

Россия Мудофаа вазирлиги қисман сафарбарлик якунланганини эълон қилди
Фото: ТАСС
Россия Мудофаа вазирлиги фуқароларни ҳарбий хизматга чақириш билан боғлиқ қисман сафарбарлик доирасидаги барча тадбирлар якунланганини маълум қилди.

Қайд қилинишича, энди чақирув қоғозларини етказиб бериш тўхтатилади, ҳарбий қўмиталар аввалгидек ишлай бошлайди. Қуролли Кучлар сафига чақирув бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш бўлимларининг кейинги иши кўнгиллилар ва ҳарбий контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни қабул қилиш йўли билан ташкил этилади.

Қисман сафарбарликни якунлаш тўғрисидаги Россия президенти фармони ҳозирча йўқ.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу топшириғига кўра, Бош штаб ҳарбий округлар ва Шимолий флот қўмондонларига 1 ноябрга қадар қисман сафарбарлик тадбирлари якунлангани ҳақида ҳисобот бериш бўйича кўрсатмалар юборган. Ҳарбий қўмиталарнинг қисман сафарбар қилинишига жалб этилган барча ходимларга навбатдаги режимда ўз хизмат вазифаларига қайтиши буюрилди.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 28 октябрь куни қисман сафарбарлик якунлангани ҳақида президент Владимир Путинга ҳисобот берган эди. Шойгу сўзларига кўра, 300 минг кишини чақириш бўйича «қўйилган вазифа» бажарилган. Улардан 218 минг нафари полигонда ўқитилмоқда, 82 минг нафари эса Украинадаги жанговар ҳудудларга жўнатилган.

Россия қонунчилигига кўра, сафарбарлик якунлангани ҳақида президент фармони қабул қилиниши шарт. Мудофаа вазирлиги сафарбарлик якунланганини маълум этишига қарамай, президентнинг тегишли фармони ҳозирча эълон қилинмаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Мудофаа вазирлиги қисман сафарбарлик якунланганини эълон қилди