
Ҳиндистоннинг ғарбида жойлашган бу штатда Дивали байрами пайтида кўприк қулаши оқибатида камида 134 киши ҳалок бўлди, 170 нафар одам қутқарилди. Штат маъмурлари юзлаб кишининг ўлимига айбдор деб гумон қилинган 9 кишини қўлга олди.
Полиция бош инспектори Aшок Ядавнинг айтишича, мустамлака даврида қурилган мазкур кўприкни таъмирлаш ва молиялаштиришга алоқадор шахсларга нисбатан жиноий иш очилган. У ҳозирча қўлга олинганларнинг шахсини ошкор қилгани йўқ.
Aслида нима бўлган эди?
Гужаратнинг Морби туманидаги ушбу диққатга сазовор кўприкнинг кенглиги 1,25 метр, узунлиги эса 233 метрни ташкил қилади. У маҳаллий аҳоли орасида "Тебранма кўприк" номи билан танилган ва ундан фойдаланиш даврининг бошланиши 1879, Британиянинг мустамлака йилларига тўғри келади. Айтиш жоизки, кўприк бош вазир Нарендра Модининг ватанида жойлашган.
Якшанба куни тунда оломон кўприкда суратга тушиш учун келган эди. Воқеа жойидан олинган видеоларда кўриниб турганидей, баъзилар кўприк қулаётганда, унинг ён томонларидаги арқонлардан тутиб туришган ва тахминан 10 метр баландликдан Мачху дарёсига тушиб кетган.
Якшанба ҳиндавийларнинг машҳур байрами Дивалининг сўнгги куни эди ва расмийларнинг ҳисоб-китобларига кўра, байрамини нишонлаш учун кўприкда 500 нафарга яқин одам тўпланган. Маълумотларда кўприк 100-150 кишини кўтариш қувватига эга эканлиги айтилган. Айтиш жоизки, мазкур кўприк чоршанба куни Ҳиндистондаги хусусий компания томонидан етти ойлик таъмирдан сўнг қайта очилган эди.
Хавфсизлик чораларининг қандай муҳим жиҳатлари кўрилмаган?
Таъмирлашни амалга оширган Гужаратдаги электр жиҳозлари ва соат ишлаб чиқарувчи Oreva компаниялар гуруҳи хавфсизлик қоидаларини бузган, деган тахминлар пайдо бўлди.
Морби шаҳар ҳокимияти ҳокими Сандипсинх Заланинг айтишича, Oreva компанияси шартномага мувофиқ, кўприкка 15 йил давомида хизмат кўрсатиши лозим эди.
«Улар бизга кўприкнинг қайта очилаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот беришмадилар», дейди Зала Indian Express нашрига берган интервьюсида. «Биз уларга ҳеч қандай хавфсизлик сертификатларини бермаганмиз».
Indian Express нашри ёзишича, Оreva вакили кўприк қулаб тушишига унинг ўртасида жуда кўп одам уни бир томондан иккинчисига чайқатишга урингани сабаб бўлганини келтирган.
Ҳукуматнинг муносабати қандай бўлди?
Штатда ўзининг Бҳартия Жаната партияси (БЖП) учун сайловолди ташвиқотини олиб бораётган Моди сешанба куни Морбига ташриф буюришни режалаштирмоқда. Моди 12 йил давомида Гужарат бош вазири бўлиб келган ва штатда бу йил сайловлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.
БЖП бошчилигидаги штат ҳукумати кўприкнинг қулашини текшириш учун беш нафар полициячи ва амалдорлардан иборат гуруҳ тузган.
Гужаратнинг энг йирик шаҳри Аҳмадободдан келган журналист Хареш Жала нима учун маҳаллий ҳукумат кўприкнинг жамоатчиликка очилишига рухсат берганига ҳайрон бўлди.
«Тўрт кун ўтди ва маҳаллий маъмурлар шунча кундан бери ухлаяпти», деган Жала Ал-Жазира мухбирига. “Кўринишидан, пудратчи пул ишлашга шошилган. ...Таъмирлаш ҳақиқатан ҳам якунланганмиди ёки бу суд жараёни бўладими, бу тергов масаласидир».
2011 йилда Ғарбий Бенгалиянинг Даржилинг шаҳрида содир бўлган шунга ўхшаш ҳодиса – гавжум кўприкнинг қулаши оқибатида 32 киши ҳалок бўлган эди. Худди шу штатда, беш йил ўтиб Ғарбий Бенгалия пойтахти Калкуттада йўл ўтказгич қулаб тушиши 26 кишининг умрига зомин бўлганди.
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар