
Фото: reddit
Украина ва Германия немисларнинг Leopard 2 танкларини Киевга тўғридан тўғри етказиб бериш бўйича келишувга эришишга яқин, деди Украинанинг Берлиндаги элчиси Олексий Макеев 5 ноябрь, шанба куни Funke медиагуруҳига берган интервьюсида. «Leopard 2’ни Германиядан тўғридан тўғри Украинага етказиб бериш бўйича қарорга умид қилиш учун асосимиз бор», — деди Макеев.
«Бизга бу танклар керак», - дея таъкидлади украиналик дипломат ва «Россияни провокация қилмаслик ҳақида»ги гапларни тўхтатишга чақирди. «Яна нима бўлиши керак? Қанча Буча, Мариупол ёки Изюм ҳодисаларини, зўрлаш жойлари ва оммавий қабрларни кутиш керак?» — деди у.
Украинанинг Германиядаги элчиси Андрий Мелник ўрнига тайинланган Олексий Макеев Германияга келганидан сўнг Россия президенти Владимир Путин эълон қилган сафарбарлик муносабати билан ўз мамлакатини тарк этган Россия фуқароларига бошпана бериш бўйича немис сиёсатчилари эълон қилган ташаббусни танқид қилди. Макеевнинг сўзларига кўра, «Россиядан ҳеч нарсадан афсусланмайдиган, аммо барибир ҳарбий хизматдан қочишни истаганлар қочяпти ва автоколонналар Германия шаҳарларини айланиб, Россия байроқларини кўтариб юрибди».
Бундай одамлар, бошқа нарсалар қатори, нафақат Германия учун, балки «болали барча украиналик ёш аёллар учун ҳам хавфли, улар охир-оқибат қочқинлар ётоқхоналарида бу эркакларнинг ёнида бўлишга мажбур бўлиши мумкин», деди Украинанинг янги элчиси.
Айни пайтда, немис сиёсатчиларининг россияликларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги баёнотларига қарамай, ноябрь ойининг бошига келиб, Германия уларга тизимли равишда бошпана беришни бошлагани ҳақида ҳеч қандай расмий тасдиқ бўлмади ва ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу тартибни ташкил этишдаги қийинчиликларни таъкидлади. Германия расмийлари россияликларга визалар бериш тартибида ўзгаришлар йўқлигини Россия ушбу вазиятдан фойдаланиб, ЕИдаги муҳим инфратузилмада қўпорувчилик уюштириши мумкинлигига оид хавотир билан изоҳлади.
Немисларнинг Leopard 2 танкларини Киевга етказиб бериш муҳокамаси бир неча ойдан бери давом этмоқда ва Германия ҳукуматининг бу масалада сустлиги бир неча бор танқидга сабаб бўлди. Сентябрь ойи бошида Германия канцлери Олаф Шолц Украина бош вазири Денис Шмигалнинг Киевга ҳарбий ёрдам, жумладан, танклар етказиб беришни кенгайтириш ҳақидаги илтимосини яна бир бор рад этди. Шолц рад этишнинг сабабларидан бири сифатида Берлиннинг қурол-яроғ таъминоти масаласида «якка ўзи ҳаракат қилишни» истамаслигини келтирди.
Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳарбий ҳужуми бошланганидан кейинги дастлабки ойларда Германия Киевга ёрдамнинг бошқа моделини кўриб чиқди - Германиянинг НАТОдаги ҳамкорлари Украинага совет иттифоқида ишлаб чиқарилган оғир техникани жўнатиш учун айланма етказиб беришдан фойдаланиши ва бунинг эвазига Германиядан замонавий танкларни олиши кўзда тутилганди.
Бироқ, бу Украинага 200 дан ортиқ совет типидаги танкларни етказиб берган, аммо Германиядан ваъда қилинган техникани ололмаган Полшанинг норозилигига олиб келди. Варшава Берлинни келишувларни бузганликда айблади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар