18:39 / 05.11.2022
1 443

Тўқаев Қозоғистон президенти ваколатларини қисқартириш тўғрисидаги қонунни имзолади

Тўқаев Қозоғистон президенти ваколатларини қисқартириш тўғрисидаги қонунни имзолади
Фото: «ТАСС»
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев бугун, 5 ноябрь куни давлат раҳбари ваколатларининг қисқаришини кўзда тутувчи қонунларни имзолади, деб ёзади «Интерфакс».

Хусусан, қонунлар президентнинг маҳаллий ижроия органлари ва Олий суд кенгашига нисбатан алоҳида ваколатлари қисқаришини, парламент сенатида «президент квотаси» камайишини, шунингдек, президент лавозимида бўлиш даврида алоҳида чекловлар киритилишини назарда тутади.

Бундан ташқари, ҳужжатлар мажлисда (қуйи палатада) аралаш сайлов тизимига ўтилиши муносабати билан парламент палаталарини шакллантириш тартибига тузатишларни ўз ичига олади. Улар орқали сайловлар ўтказиш бўйича бутун тизим қайтадан тузилади. Депутатлик мандатини қайтариб олиш бўйича янги институт жорий этилмоқда.

Бир қатор тузатишлар сиёсий партияларни рўйхатга олиш учун аъзолар сони чегарасини 20 минг нафардан 5 минг нафаргача қисқартиришга, сиёсий партиялар ҳудудий ваколатхоналари минимал аъзолари сонига нисбатан талабни 600 дан 200 кишигача камайтиришга, сиёсий партия тузиш учун фуқаролар ташаббус гуруҳлари иштирокчиларининг минимал сони бўйича талабни эса минг кишидан 700 кишигача пасайтиришга ҳам тааллуқли бўлди. Бу ерда, шунингдек, сиёсий партия тузиш бўйича таъсис қурултойи ўтказиш муддатини 2 ойдан 3 ойгача ошириш бўйича тузатишлар ҳам назарда тутилган.

Ҳужжатга киритилган низомларда президентнинг сиёсий партияларга аъзо бўлиши, унинг яқин қариндошлари сиёсий лавозимларни ва квазидавлат секторида раҳбар лавозимини эгаллаши тақиқланиши ҳақида айтилади.

Аввалроқ Тўқаев Республика Жамоатчилик штабидаги ўз сайловолди ташвиқоти доирасида сўзлаган нутқида бир марталик президентлик муддатининг устун тарафларига тўхталиб ўтган эди.

«Бир марталик етти йиллик муддат жамият ва давлатдаги янгиланиш жараёнларига янги сифат ва динамика бағишлайди, ҳокимиятни монополияга олиш ва ҳатто тортиб олишга уринишлар учун ишончли тўсиқ яратади», — деди Тўқаев.

Қозоғистонда 20 ноябрь куни навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилади. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев шу йил кузда навбатдан ташқари президент сайловларини ўтказиш таклифини 1 сентябрь куни халққа йўллаган мурожаатида билдирганди. Президентлик мандатини етти йиллик битта муддат билан чеклашни ва қайта сайланишни тақиқлашни ҳам ўша мурожаатида таклиф қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тўқаев Қозоғистон президенти ваколатларини қисқартириш тўғрисидаги қонунни имзолади