12:30 / 07.11.2022
1 690

Россиялик блогерлар РФ армияси Павловкада йирик йўқотишларга учраганини хабар қилмоқда

Россиялик блогерлар РФ армияси Павловкада йирик йўқотишларга учраганини хабар қилмоқда
Фото: Insider
Донецк областида жанг қилаётган приморьелик денгиз пиёдалари ёмон қўмондонликдан шикоят қилишди. Уларнинг губернатор Кожемякога ёзган мактубида тўрт кун ичида юзлаб қурбонлар ва ярадорлар бўлгани айтилади.

Тинч океани флоти 155-денгиз пиёдалари бригадаси ҳарбий хизматчилари Приморье ўлкаси губернатори Олег Кожемякога қўмондонликнинг катта йўқотишларга сабаб бўлган ҳаракатларидан шикоят қилиб мактуб йўллашди.

Россиянинг «Военное обозрение» сайти Павловкадаги вазиятни шундай тасвирлайди: «Бизникилар аҳоли яшаш манзилининг ярмини эгаллашди, Украина қуролли кучлари мудофааси билан тўқнашди ва оловли қопга тушиб қолди».

Россиялик блогер, ВГТРК ҳарбий мухбири Александр Сладков ўз каналида 155-алоҳида денгиз пиёдалари бригадаси жангчилари Приморье губернатори Олег Кожемякога мурожаат қилгани ҳақида ёзади.

«[Денгиз пиёдалари] мактубида шундай катта учта фамилия келтирилганки, аммо уларни келтирмайман. Постни шунинг учун эълон қиляпманки, тепада Павловкадаги вазият ҳақидаги бир гапни такрорлашмоқда, буёқда эса қон оқиши давом этмоқда», дея хабар қилади Сладков.

Павловкадаги вазият ҳақида Россия таъсиридаги яна бир блогер, Вячеслав Володиннинг собиқ маслаҳатчиси Анастасия Кашеварова ҳам ёзган. У ҳам ёмон бошқарув ва яхши ўйланмаган ҳужум туфайли катта йўқотишлар берилганидан шикоят қилган денгиз пиёдалари мурожаатини эълон қилган. Бу версияга кўра, округ қўмондонлиги «жавобгарликдан қўрқиб, йўқотишлар тўғрисида ҳақиқий рақамларни яширмоқда». У ҳам ҳеч қандай фамилия келтирмаган.

Мактуб матни қисқартиришларсиз Grey Zone телеграм-канали томонидан эълон қилинди; матн ҳақиқийлиги мустақил манба томонидан тасдиқланмаган.

Шунга ўхшаш постни россиялик яна бир таниқли «военкор» Семён Пегов WarGonzo телеграм-каналида ёзиб қолдирган. «Павловкада барчаси объектив жиҳатдан ёмон», деб ёзади у.

Grey Zone каналидаги хабарга кўра, денгиз пиёдалари мактубида тўрт кун ичида Донецк областининг Вугледар шаҳри атрофидаги Павловка қишлоғида «тушунарсиз юриш» амалга оширилиши туфайли «300 нафар атрофидаги киши ҳалок бўлгани, яралангани ва бедарак йўқолгани» айтилади.

Мактуб муаллифларига кўра, уларнинг командирлари — «генерал Мурадов ва унинг ҳамюрти Ахмедов» — юришни шундай режалаштирганки, биринчиси «Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов олдида бонус» ишламоқчи, иккинчиси эса Россия қаҳрамони унвонини олмоқчи бўлган. «Улар ҳаммага тупурган, фақат ўзини кўрсатишни ўйлайди. Улар одамларни тўп еми деб аташади», — дейилган мактубда.

«Улар қандай қилиб рақиб жойлашган позициялардан ўтиб қишлоқни эгалламоқчи бўлишган? Энди эса бизникилар ярадорларни эвакуация қилиш ва ўқ-дориларни ташиш чоғида йўқ қилинди. Бундан ташқари, Павловка бизга зарбалар йўлланган Вугледардан пастликда жойлашган», — дейилади мактубда.

Хатда айтилишича, денгиз пиёдалари Кожемякодан мудофаа вазирлигига алоқадор бўлмаган «мустақил» комиссия юбориш сўрови билан олий бош қўмондонга мурожаат қилишни сўрашган.

Приморье ўлкаси губернатори Павловка яқинида денгиз пиёдалари катта йўқотишларга учрагани ҳақидаги хабарни текширишга топшириқ берган. «Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу мурожаатни ваколатли органлар ва ҳарбий прокуратурага юбордик. Бу Украина махсус хизматлари томонидан ахборот хуружи бўлиши ҳам истисно этилмайди», — деган Олег Кожемяко.

РФ мудофаа вазирлиги 30 октябр куни Павловканинг жанубий чеккаларига чиқилгани ҳақида хабар берганди. 5-6 ноябр кунлари вазирлик ушбу қишлоқ ҳудудида «Украина қуролли кучлари бўлинмаларига зарбалар берилгани»ни маълум қилган.

Шу билан бирга, Павловкага юришдаги муаммолар ҳақида расмийлар ҳам хабар берган — хусусан, бу ҳақда «ДХР» ҳарбий арбобларидан бўлган Александр Ходаковский ҳам ёзган. У Павловкадаги жангларни «Россия томони тушиб қолган оловли қоп» деб таърифлайди ва йўқотишларни тасдиқлаб, юриш бевақт амалга оширилганини тан олади.

Украина қуролли кучлари Бош штабининг якшанба кунги брифинги чоғида Павловкада Россия армияси миномётлар, стволли ва реактив артиллериядан зарбалар бераётгани хабар қилинган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг