
Фото: «Слово и дело»
Испания мудофаа вазири Маргарита Роблес Мадрид томонидан Киевга юборилган тўртта Hawk ҳаво мудофаа тизимига қўшимча равишда яна иккитасини Украинага топширишини маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
«Яна иккита ракета жўнатилади, чунки буни биздан НАТО сўраган», — дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган el Financiero газетаси.
Шунингдек, 10 ноябрь куни Испания Мудофаа вазирлиги матбуот баёнотида келаси ҳафтадан бошлаб 64 нафар украиналик ҳарбий хизматчи Толедода портловчи моддаларни зарарсизлантириш, миналардан тозалаш ва ўқ отиш бўйича ўқитилишини маълум қилди. Айни дамда Андалусия автоном ҳамжамияти Алмерия шаҳрида 21 нафар украиналик аскардан иборат гуруҳга 105/14 гаубицасини бошқариш бўйича кўрсатмалар берилмоқда.
Октябрь ойида 19 нафар украиналик ҳарбий хизматчи Испаниянинг Сарагоса шаҳридаги базада ўтказилган ўқув дастури доирасида «Аспиде» зенит-ракеталарини бошқариш бўйича ўқитилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испания ҳукумати Европа Иттифоқининг Украина армиясини ўқитиш миссияси доирасида 400 нафар ҳарбий хизматчини тайёрлашга розилиги хабар қилинганди. El Pais газетасининг ёзишича, икки йил давомида 15 мингга яқин украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш режалаштирилган ва тўғридан-тўғри Брюсселдан олиб келинадиган ташаббус бюджети 106,7 миллион еврони ташкил қилади.
Испания ҳукумати ноябрь ойи бошида Украинага ракета ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, жумладан, тўртта Hawk ҳаво ҳужумидан мудофаа ва «Аспиде» зенит тизимларини юборганини эълон қилди. Бу ёрдам НАТО аъзолари томонидан сўнгги ҳафталарда Киевга етказиб берилган артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва зирҳли техникаларга қўшимчадир.
Испания Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, айни дамда Мадрид Украина учун Европа тинчлик жамғармасига 200 миллион евродан ортиқ маблағ ажратган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар