Херсон области маъмурияти биноси. Фото: Zerkalo.io
Россия қўшинлари чекинишидан кейин Украина армияси Херсон шаҳрига кириб келишни бошлади. Украина ҳарбий разведкаси шаҳарда қолган россиялик ҳарбий хизматчиларни асир тушишга чақирган.
Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Юрий Сак айни вақтда Херсон қарийб тўлиғича Украина қуролли кучлари назоратига ўтганини маълум қилди.
Жума куни кундузи ижтимоий тармоқларда Херсон аҳолиси Украина армияси жангчиларини қарши олиш учун кўчаларга чиққани акс этган видеолар бирин-кетин тарқалди.
Эълон қилинган кадрларда шаҳар марказига Украина байроқларини кўтарган юзлаб кишилар тўпланганини ва украин ҳарбийларини кўтар-кўтар қилиб, «Херсон - бу Украина!» шиорларини ҳайқираётганини кўриш мумкин.
Херсон области маъмурияти биноси қаршисидаги постаментда (бу ердаги Ленин ҳайкали 2014 йилдаёқ олиб ташланганди) ҳам сариқ-кўк байроқ пайдо бўлди. Украина байроғи ёнида, иккинчи флагштокда Евроиттифоқнинг юлдузли байроғи ҳилпирайди.
Украина армияси Херсонга кирганини мамлакат мудофаа вазирлиги ва ҳарбий разведка хизмати ҳам тасдиқлади.
«Херсон Украина назоратига қайтди, шаҳарга Украина қуролли кучлари қисмлари кирмоқда. Россиялик босқинчиларнинг чекиниш йўллари Украина армияси зарбалари остида. Украина қуролли кучларига қаршилик кўрсатишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат тўхтатилади», дейилади Украина ҳарбий разведкаси бош бошқармасининг россиялик ҳарбийларга мурожаатида.
«Қаршилик кўрсатадиган ҳар бир россиялик ҳарбий хизматчи йўқ қилинади. Сизда ҳалокатдан қочиш учун ягона имкон бор - зудлик билан таслим бўлиш», дея огоҳлантиради мурожаат муаллифлари.
Агар аскарлар ватанига қайтишдан қўрқса, уларга Украинадаги махсус жиҳозланган ҳарбий лагерда қолиш, тиббий ёрдам бериш, қариндошлари билан мулоқот қилиш учун телефон алоқаси ва интернет билан таъминлаш, қуролларни махсус омборларда сақлаш, ҳарбий техникани автотураргоҳларга қўйиш таклиф этилмоқда.
Reuters агентлиги Украина қуролли кучларининг «Жануб» гуруҳи матбуот хизмати Наталья Гуменюкка таяниб хабар беришича, шаҳарни эгаллаш босқичма-босқич, ортиқча шошилишсиз амалга оширилади - Украина қуролли кучлари қўмондонлиги диверсия уюштирилиши эҳтимолини истисно этмаяпти.
Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбий хизматчилар сўнгги икки ҳафта давомида фуқаролик кийимларини кийиб олишган, шундай экан, назарий жиҳатдан уларнинг бир қисми ҳамон қолдирилган шаҳарда бўлиши мумкин.
«Шу туфайли биз бошқа шаҳарларда, бошқа йўналишлардаги муваффақиятлар ҳақида эълон қилишга шошмаяпмиз», дея изоҳ берган Наталья Гуменюк. Шунингдек, у кўплаб россиялик ҳарбийлар Днепр дарёсини кечиб ўтиш чоғида чўкиб кетганини айтган, лекин бунга далил келтирмаган.
Бироз ўтиб «Жануб» гуруҳи оператив қўмондонлиги сўнгги ҳафталарда озод этилган аҳоли яшаш манзилларига, жумладан Херсонга кириш «барқарорлаштириш чоралари» ўтказиб бўлингунига қадар вақтинча чеклангани ҳақида эълон қилди - бу журналистларга ҳам тааллуқли бўлиб, қоидабузарлик учун аккредитациядан маҳрум қилишлари мумкин.
Россия армияси Украина қўшини босими остида Херсон областининг Днепрнинг ўнг соҳилидаги қисмини ёппасига тарк эта бошлагач, Киев Херсон атрофидаги ўнлаб аҳоли яшаш манзиллари озод этилгани ҳақида маълум қилганди.
Жума куни тонгида област маъмурияти биносида украинлар байроғи пайдо бўлди, сўнгги ойларда тинимсиз зарбаларга учраб келган, шунга қарамай сўнгги вақтларгача пиёда ҳолда ўтиш мумкин бўлган Антонов кўприги бутунлай сафдан чиқди: у ерда йўл қулаб тушган.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков эса Россия қўшини Херсондан Днепрнинг чап соҳилига чекиниши (Кремл таъсиридаги нашрлар буни қайта гуруҳланиш деб атамоқда) ҳозирча ҳеч қанақасига сентябр ойи охирида ўтказилган ва дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган «референдум» орқали Россия таркибига қўшилган Херсон области мақомини ўзгартира олмаслигини айтди.
«Бу Россия Федерацияси субъекти, бу мақом қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ерда ҳеч қандай ўзгариш бўлиши мумкин эмас», деди Песков журналистларга.
У BBC мухбирининг россияликлар Украинада эгаллаб турилган ягона област маркази бўлган Херсондан чекиниш Кремлда шармандалик сифатида баҳоланадими, дея берилган саволига бундай эмаслигини айтиб жавоб қайтарган.
Аввалроқ украиналик ва Ғарбдаги ҳарбийлар Днепрнинг ўнг соҳилидаги Россия қўшинларини олиб кетиш бир ҳафта бўлмаса, камида бир неча кун талаб этишини айтишганди. Россия мудофаа вазирлиги эса жума куни эрталабгача Херсондан барча ҳарбий хизматчилар ва техникалар (30 минглик қўшин ва 5 минг техника) олиб кетилганини маълум қилди.
Украина қуролли кучлари қандай қарши олинмоқда?
Кечга бориб Херсон области кенгаши депутати Сергей Хлань Украина қуролли кучлари Херсонни Россия қўшинлари қолдиқларидан тозалаш ишлари олиб бораётганини айтди ва маҳаллий аҳолини ўз уйларини тарк этмасликка чақирди.
Шунга қарамай, маҳаллий телеграм-каналлар украиналик ҳарбийлар кўчаларда аҳоли томонидан олқишлар билан қарши олаётгани акс этган видеоларга тўлиб кетди.
Видеолардан бирида украин ҳарбийлари Херсон области полиция бошқармаси биносига кўк-сариқ рангли байроқни ўрнатаётгани акс этган.
ВИКТОРИЯ ПАВЛОВА
Бошқа видеода эса - ҳарбийларнинг илғор гуруҳи шаҳар бош майдонида йиғилган юзлаб кишилар олқишлари остида қарши олинаётгани акс этган.
Шунингдек асир тушган россиялик ҳарбийлар суратлари ҳам пайдо бўлди. Украина мудофаа вазирлиги ҳам шаҳарда қолган россияликларни таслим бўлишга чақирган.
«Россия Федерацияси ҳарбий хизматчилари! Агар сиз Россия босқинчи армиясининг бир қисми бўлишга қарор қилсангиз, сизда фақат иккита йўл бор: таслим бўлиш ёки ўлим.
Агар таслим бўлсангиз, халқаро конвенцияларда кўрсатилган ҳарбий асирлик ҳуқуқингиз таъминланади, тиббий ёрдам кўрсатилади, қариндошларингиз ва дўстларингизни хабардор қилиш имконияти тақдим этилади. Охир-оқибат можародан кейин ёки асирлар алмаштириш натижасида ватанга қайтиш кафолатланади. Акс ҳолда сизни муқаррар ўлим кутмоқда», дейилади хабарда.
Херсон, Украина Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Чехия юзлаб мактаблардаги портлаш таҳдидларида россиялик жосусларни айблади