14:14 / 14.11.2022
1 142

Урушни ўрганиш институти: Россияда Путиндан норозилик кучайиб боряпти

Урушни ўрганиш институти: Россияда Путиндан норозилик кучайиб боряпти
Фото: Reuters
Россия президенти Владимир Путинга Украина ҳукуматини ағдариш ва бутун Украинани эгаллаб олишдек максималистик мақсадларини амалга оширишга қўшинлар қодир эмаслиги сабабли ўта мафкуравий, уруш тарафдори бўлган электоратнинг бир қисмини тинчлантириши тобора қийинлашмоқда. Бу ҳақда Урушни ўрганиш институти (ISW) Twitter'да маълум қилди.

Қайд этилишича, Россиянинг Херсондан чиқиб кетиши уруш тарафдорлари ва Путин ўртасида мафкуравий келишмовчиликни кучайтирмоқда, президентнинг Украинага қарши урушда ўз ваъдаларини бажариш истаги ва қобилиятига ишончни сусайтирмоқда.

ISW маълумотларига кўра, россиялик ўта миллатчилар орасида Путиннинг рус мафкурасига содиқлигига шубҳа кучайгани Путиннинг миллатчилар учун қизиқишини пасайтиради, шу билан бирга сафарбарлик ва кўп қурбонлар Россия жамиятида норозиликни келтириб чиқаришда давом этиши мумкин.

ISW ҳисоботида қайд этилишича, Херсон йўқотилганидан сўнг, "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси билан боғлиқ ижтимоий тармоқдаги каналлар ҳам Кремлга қарши чиқди, бу эса ҳарбий блогерлар орасида рус қўшинларини олиб чиқиш қарори қўллаб-қувватланмаётгани ҳамда Россия хавфсизлик кучлари вакиллари орасида кескинликнинг янада кучайиши кузатилиши мумкинлигидан далолат бериши айтилади.

Бундан олдин Россия президенти Владимир Путин «Сафарбарлик тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиб, баъзи ўта оғир жиноят учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки жазоси ўталмаган фуқароларни ҳарбий хизматга чақиришга қўйилган тақиқни бекор қилганди.

Шунингдек, энди қотиллик, талончилик, босқинчилик ёки гиёҳванд моддалар савдоси учун жазо муддатини ўтаганларни ҳам урушга жўнатиш мумкин бўлади. Шу билан бирга, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганликда айбланган, «террорчилик» ва «экстремистик» моддалар билан судланган шахсларни сафарбарликка чақириш тақиқланади.

Россия Федерацияси Жиноят кодексининг оғир жиноятлари тоифасига беш йилдан ортиқ қамоқ жазоси берилиши мумкин бўлган жиноятлар киради. «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда оғир жиноятлар санаб ўтилмаган, балки Жиноят кодексининг сафарбар қилиш мумкин бўлмаган моддалари кўрсатилган.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин узоқ вақтдан бери маҳбусларни Украинага урушга боришга ундаб келмоқда. Путин имзолаган тузатишлар улар ҳақида эмас, балки аввал оғир жиноят учун судланган, аммо жазони ўтаб, ҳозирда озодликка чиққанлар ҳақида.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг