
Марк Милли / Фото: Getty Images
Ҳозирда Украинадаги урушдан чиқиш бўйича дипломатик йўл излаш тарафдори бўлган Марк Миллининг позицияси Блинкен ва Салливан томонидан кенг қўллаб-қувватланмаяпти, деб хабар берди CNN.
Сўнгги ҳафталарда Украинадаги урушни дипломатик йўл билан ҳал қилишнинг қатъий тарафдори бўлган АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси (ШБҚ) раиси генерал Марк Миллининг позицияси президент Жо Байденнинг хавфсизлик бўйича гуруҳи, шу жумладан давлат котиби Энтони Блинкен ва миллий хавфсизликка оид ёрдамчиси Жейк Салливан томонидан қўллаб-қувватланмаяпти. Блинкен ва Салливан Украина бўйича музокаралар вақти келганига ишонмаяпти, деб хабар қилди CNN АҚШ маъмуриятининг икки вакилига таяниб.
9 ноябрь куни Нью-Йорк Иқтисодий клубида сўзга чиққан Милли Херсонни озод қилишдаги сўнгги муваффақиятлар фонида Украина Қуролли кучларини юқори баҳолади, бироқ айни пайтда Россия устидан тўлиқ ҳарбий ғалабага эришиб бўлмас эканига ишонч билдирди. «Музокаралар олиб бориш имконияти мавжуд бўлганда, тинчликка эришиш мумкин бўлган вазиятда, ҳозирги пайтдан фойдаланиш лозим», деб маслаҳат берди Милли.
«Қарор - украиналикларнинг ихтиёрида. Украина ҳақида ҳеч нарса - Украинасиз ҳеч нарса», - деди Байден, ўз навбатида, 9 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ундан музокаралар ўтказиш имконияти ҳақида сўралганда.
CNN маълумотларига кўра, АҚШ Давлат департаменти Марк Миллининг қарашларидан тубдан фарқ қиладиган позицияни эгаллайди. Телеканал таъкидлашича, аслида Америка Қўшма Штатларидаги ҳарбий раҳбарият америкалик дипломатларнинг ўзидан кўра фаолроқ дипломатияни талаб қилаётганига оид вазият юзага келган.
АҚШ ташқи сиёсат идораси матбуот котиби Нед Прайс 10 ноябрь куни Давлат департаменти Миллининг позициясига розими ёки йўқлигини айтмади. Бунинг ўрнига Прайс сўнгги ойларда тез-тез пайдо бўлаётган нуқтайи назарни билдирди: Қўшма Штатлар Украина президенти Володимир Зеленскийни қўллаб-қувватлайди. «Украиналиклар урушнинг тугаши охир-оқибат музокаралар столига ўтириш орқали рўй беришини очиқ билдирган. Руслар ҳам вақти-вақти билан шундай фикр билдиришган», - деди Прайс.
«Москва нафақат сўзда, балки амалда ҳам музокараларга тайёрлигини, украиналик ҳамкорларимиздан дунё аниқ эшитган нарсани - улар музокаралар столига ўтиришга тайёр эканлигини кўрсатишга ва виждонан ҳамкорликни олиб боришга масъулдир», - дея қўшимча қилди Давлат департаменти вакили.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан 4 ноябрь куни эълон қилинмаган ташриф билан Украина пойтахтига келди. Салливан президент Зеленский, унинг идора раҳбари Андрей Ермак ва мудофаа вазири Алексей Резников билан учрашиб, Вашингтоннинг Киевни сўзсиз қўллаб-қувватлашига ишонтирди.
Кейинроқ Жейк Салливан Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков билан шахсий мулоқотлар чоғида Россиянинг Украинага қарши уруши фонида ядро қуролидан фойдаланиш хавфини камайтириш масаласини муҳокама қилганини айтди.
«Биз Россия билан ядро қуролидан фойдаланиш хавфини камайтириш, шунингдек, ундан эҳтимолий фойдаланиш оқибатларини Москвага етказишга қаратилган юқори даражадаги алоқаларни ўрнатиш имконига эга бўлдик. Биз ушбу алоқалар қайси каналлар орқали амалга оширилганини ошкор қилмадик, бу уларни ҳимоя қилиш учун керак», деб таъкидлади Салливан. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар