2 111
Россия қўшини Павловкани эгаллаш учун катта йўқотишлар берди. Бу қишлоқ уларга нега керак?
Фото: UNIAN
Россия мудофаа вазирлиги Донецк областининг Павловка қишлоғи эгалланганини хабар қилди. Вугледар атрофидаги бу қишлоқ Россия армияси уни эгаллаш учун икки ҳафталик штурм давомида кўплаб йўқотишларга учрагани ҳақидаги хабарлардан кейин танилганди. Йўқотишлар чиндан ҳам бемисл бўлганми ва уларни нима билан оқлаш мумкин? Россия ҳарбий раҳбарияти аскарларни навбатдаги тикка ҳужумга юбориш орқали қандай мақсадларни кўзлаган бўлиши мумкин?
Павловка Донецкдан жануби-ғарбда жойлашган. Бу майдони жиҳатидан анчагина катта, аммо, Украина ўлчовлари бўйича аҳоли сони кўп бўлмаган (урушга қадар тахминан 2,5 минг киши яшаган) қишлоқ бўлиб, Вугледарга деярли қўшни бўлиб, назарий жиҳатдан Россия қўшинларининг Донбассдаги юришлари учун плацдармга айланиши мумкин.
«Павловка ва Вугледар устидан назорат ўрнатилиши бизнинг қўшинларга рақибнинг Авдеевкадаги гуруҳи ортига чиқиш имконини беради, бу позицияни рўпарадан ҳужум қилиш жуда қийин», дея ҳисоблайди россияликларнинг милитар портали topwar.ru.
Россия ҳарбий мухбирлари бир ҳафта олдин олдиноқ Павловка эгаллангани ҳақида хабар беришганди ва РФ армияси посёлкани эгаллаш учун қилинган ҳужумлар давомида катта йўқотишлар берганини тасдиқлашганди.
«Юришларда бевосита иштирок этганларнинг сўзларига кўра, йўқотишлар мудофаа вазирлиги томондан янграган 1 ёки 7 фоиздан кўпроқ. Танклар ҳақида ҳам айтишим мумкин, аммо агар яна бир кун сукут сақласам, гапирадиган бошқа нарса қолмайди», дея ёзган ҳарбий мухбир Алексей Суконкин.
Қишлоқ эгаллангани ҳақидаги расмий баёнотдан кейин «ДХР» дала қўмондони Александр Ходаковский огоҳлантирди: «Рақиб Павловкада авиациядан фойдаланмоқда - қурбонлар бор. Агар биз олдинроққа юрмасак, Павловка қопқонга айланади».
«Биз бригада командирлари билан бу режани амалга оширишнинг иложи йўқ деган хулосага келгандик: янги келганлар ўқитилмаганди, боекомплект (снаряд ва патронлар) қанчалик тежалмасин, фақат биринчи ҳужум тўлқини учун етарди... Аммо топшириқни бажариши керак бўлган бригада командирлари юқоридагиларга мурожаат қила олмади - юқоридагиларга қандай қилиб бўлмасин натижа керак эди», дея хотирлайди у.
Катта бўлмаган посёлкани қандай қилиб бўлмасин эгаллаш учун бундай қатъий уринишлар Россия қўмондонлиги ушбу йўналишга катта аҳамият қаратаётганидан далолат беради. Бунинг бир неча сабаблари бўлиши мумкин. Москва Днепрнинг ўнг соҳили ташлаб чиқилганидан кейин «ҳапдорини ширинлаштирмоқчи» бўлаётгани ҳақида фикрлар ҳам бор - аммо бундай версияга жиддий қараб бўлмайди, буни Украина билан урушнинг ашаддий тарафдорлари ҳам ютуқ сифатида қабул қилмайди. Херсон ва Павловкани таққослаш ноўрин.
Афтидан, Павловкага бундай қайсарлик билан ёпишиб олишнинг бир қанча сабаблари бор, жумладан: Украина қуролли кучларини Донецкдан узоқлаштириш; Украина қуролли кучларини Запорижжядаги гуруҳни таъминлашда фойдаланиладиган темирйўлдан узоқлаштириш; ҳеч бўлмаганда айрим йўналишларда ташаббусни сақлаб қолиш.
Украина кучларини Донецкдан узоқлаштириш мақсади
РФ президенти Владимир Путин «махсус ҳарбий амалиёт» бошланганини эълон қилганидан буён (Москва унинг мақсадларидан бири Донбассни «озод этиш» эканини айтганди) аллақачон 8,5 ой ўтди, фронт чизиғи эса ҳамон Донецк атрофидан ўтади. Украина артиллерияси истаса, област марказидаги исталган нишонни йўқ қилиши мумкин.
Мудофаа вазирига Херсонни ташлаб чиқиш зарурати ҳақида берган ҳисоботида генерал Суровикин Донбассни кейинги ойлардаги асосий ҳарбий ҳаракатлар майдони сифатида тилга олиб ўтганди.
Фото: REUTERS
Россиянинг Украинага босқинининг илк даврида украинлар учун асосий таҳдидлар шимол ва жанубдан бўлганди. Украина армияси асосий кучларини айнан шу йўналишларда жамлади - Киев ва Харкивга ҳужумлар қайтарилди, Запорижжя ва Миколайивда илгарилашга йўл қўйилмади.
Донбассда эса Украина қуролли кучлари фаол мудофаа билан шуғулланди - тўлақонли қарши қарши ҳужум учун кучлар ҳам етарли эмасди, умумий вазият ҳам қулай эмасди. Харкивдан жанубда душман қўр тўкиб турганида Донецкни штурм қилиш ҳақида ўйлаб бўлмасди, душман эса украинларнинг бу ҳудуддаги гуруҳини қуршовга олишни ният қилган ва бунинг учун имкониятларга эга эди.
Ҳозир эса вазият ўзгарган. Энг жиддий хавфлар бартараф этилган, Украина армияси захиралари бўшаган.
Россия армияси Украина жанубида чекинишга ва Донбасс шимолида улар шарқ томонда ҳамон ташаббусни ўзида сақлаб турган бўлса ҳам, бу ташаббусни бой бермаслик учун ҳимоявий ҳаракатларга ўтишга мажбур бўлди. Қолаверса, бу ҳудудда таъминот билан боғлиқ вазият ёмон эмас - таъминот Луҳанск ва Донецк областларининг Москва назоратида бўлган ва тозаланган ҳудудлари орқали амалга оширилади.
Аммо муаммо бор: Запорижжядаги гуруҳ таъминоти
Херсон ва областнинг Днепр ўнг соҳилидаги ҳудудларини озод этгач, Украина қуролли кучларининг навбатдаги истаги Запорижжя области жанубини ҳам деоккупация қилиш бўлиши тайин. Азов денгизи соҳилларига етиб бориш ва Россия гуруҳини иккига ажратиб қўйиш учун жанубга ва жануби-шарққа зарба бериш нафақат Запорижжядан, балки украин қўшинлари Днепрни кечиб ўтишга муваффақ бўлган исталган нуқтадан амалга оширилиши мумкин.
Россия қўшинлари позициясини уларнинг чап соҳил бўйлаб қайта гуруҳланишидаги ноаниқликлар мураккаблаштиради - Днепрнинг чап соҳили бўйлаб яланғоч даштликларда ҳимояланиш (ўнг соҳил баландроқ жойлашган ва бу томондан ўққа тутиш осон) айниқса қишда қийин бўлади. Вазият қандай ривожланиши ҳали номаълум. Қримдаги тор бўйинга чекиниш эса Запорижжя жанубидаги Россия армияси таъминот линиясини жиддий таҳдидлар остида қолдиради - таъминотнинг асосий оқими яриморолдан келади. Бу линия ҳозирнинг ўзида ҳам хавф остида қолган - украинлар HIMARS билан уларга ета олади.
Россияда захира варианти бор - Запорижжя жануби орқали Донецкдан Дебальцево ва Волноваҳа орқали Каховкага ўтган темирйўл линияси.
«Ҳозир улар жуда фаоллик билан тиклашмоқда (кўприклар ва ўтиш жойлари ҳам), таъмирлашмоқда, кўтармалар, рельслар туташган жойлар мустаҳкамланмоқда, айрим маълумотларга кўра, улар ҳаттоки муайян участкаларни электр тортиш мосламалари билан жиҳозлашга уринмоқда», дея ёзади украинларнинг «Zvиздец Мангусту» телеграм-канали. Аммо муаммолар бор.
«Ҳа, сиз тўғри тушундингиз… Айнан Вугледар ва Павловкадаги, шунингдек Новомихайловкадан жануброқдаги украин қўшинлари бу коммуникация йўлларидан шундай масофада жойлашганки, уларга зарба бера олиши мумкин. Масалан, Доля узел станциясидан Украина қуролли кучларининг Новомихайловкадаги позициясига қадар масофа 18 км чиқмайди, Украина қуролли кучларининг Угледар ҳудудидаги олдинги чизиқларидан Волноваҳа станциясига қадар масофа эса тахминан 25-26 километрни ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида, станцияларнинг келгусида ритмик ва тўлақонли ишлашини деярли истисно этади…» - дея тахмин қилади украинлар телеграм-канали.
Павловкада қандайдир ўзгача ҳолат бўлдими?
Шу вақтгача украинларнинг Донбассдаги мустаҳкамланган истеҳкомларини штурм қилиш тактикаси классик схемада амалга оширилди: аввалига олдинги чизиққа ёппасига артиллерия зарбалари берилади, кейин қоидага кўра штурмчи бўлинмалар олдинга ҳаракатланади, зарбалар эса рақиб ҳудуди ичкарисига берилади.
«Фронтнинг ҳар бир километрига 200 та артиллерия қуроли бор бўлганида рақиб ҳақида сўралмайди, фақат бизнинг олдиндаги бўлинмаларимиз қанча масофага силжигани ҳақида ҳисоб берилади», дея ёзган советлар маршали, Донецк областида туғилган Кирилл Москаленко.
Иккинчи жаҳон уруши тактикаси бугунги кунда ҳам долзарб бўлиши мумкин, аммо айрим шартлар билан. Биринчидан, ҳеч ким асосий зарба йўналишида камида уч карра устунлик яратиш қоидасини бекор қилмаган. Иккинчидан, артиллерияни тайёрлаш ва юриш қилаётган қисмларни қўллаб-қувватлашнинг маъноси рақибнинг ўт очиш нуқталарини бостиришдан иборат бўлади. Украинадаги Россия армияси эса унисида ҳам, бунисида ҳам қийинчиликларга учрамоқда.
Шунинг учун кўп ҳолларда воқеалар ривожи қуйидагича бўлади: ёки рақиб бошпаналаридан чиқиб келиб, бостириб келаётган россияликларни ўқлар ёмғири билан қарши олади ва чекинтиради, ёки Украина қуролли кучлари аскарлари позицияларини олдинроқ ташлаб кетган бўлади - бу ҳолда юриш муваффақиятли кечаётгандек кўринади, аммо украин артиллерияси тўсатдан жонланиб, олдиндаги бўлинмаларни ўққа тутади.
Бу циклларнинг иккиси ҳам украин бўлинмалари янги мудофаа линияларига ўтгунича узоқ давом этиши мумкин - кейин эса бари қайтадан бошланади.
Донбассдаги ўнлаб аҳоли яшаш манзиллари шундай сценарий бўйича штурм қилинган ва Павловкада ҳам ўзгача ҳолат бўлганини кўрсатувчи ҳеч нарса йўқ. Украина қуролли кучларининг ҳисоботларида ушбу қишлоқ ҳудудидаги жанглар одатий оҳангда қайд этилган; Агар Тинч океани флотининг 155-алоҳида денгиз пиёдалари бригадасининг очиқ шикояти ва Кремлпараст манбаларда бу ҳудуд учун жангларда катта йўқотишлар берилгани ҳақида хабарлар тарқалмаганида, бу ерда бўлаётган воқеаларга деярли ҳеч ким эътибор бермасди.
Агар Украинадаги урушнинг илк босқичида Россия жамоатчилиги ва нашрлари айрим муваффақиятсиз амалиётларга у қадар эътибор қаратмаган бўлса, кетма-кет оғир мағлубиятлардан кейин кейинги ҳар бир омадсизлик - ёки ҳатто ютуқ, аммо катта қурбонлар билан эришилган муваффақият ҳам кескин реакцияга сабаб бўлмоқда. Бу Россия ҳарбий қўмондонлиги ҳисоблашиши керак бўлган янги реалликдир.
Павловка, Донецк, Россия армияси Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Чехия юзлаб мактаблардаги портлаш таҳдидларида россиялик жосусларни айблади