
Украина фуқароси Владимир 15 йил давомида Россияга ишлаш учун бориб юрган. У Москвада бўлганида Россиянинг кенг кўламли Украинага қилган ҳужуми рўй берди. Ҳарбий ҳаракатлар туфайли у на Украинага кета олди, на Россияда қолиш учун ҳужжатларини янгилай олди.
Владимир икки кунни полиция бўлимида ўтказганини айтади. У юртига кетишга изн сўраганида суд унга рухсат бермади – Владимир кузатув остида депортация қилиниши керак. Бу вақтга келиб Украинанинг Россиядаги элчихоналари ва консулликлари ишламай қолган эди. Уни депортация қилиш масалалари билан шуғулланадиган ҳеч ким йўқ эди. Шундай қилиб, бу одам Москвадаги чет эл фуқароларини вақтинча ҳибсга олиш марказига тушди. Владимирнинг сўзларига кўра, бирон бир қамоқхонани «Сахарова» вақтинчалик маркази билан таққослаб бўлмайди.
«Бу мутлақо ҳаммага нисбатан ҳайвоний муносабат. Марказий Осиёдан келган барча йигитларни шунчаки калтаклашади, ҳақорат қилишади. Мен ҳеч қачон одам каби гаплашганларини эшитмаганман», - дейди Владимир.
Ҳар куни юзлаб янги маҳбуслар олиб келинарди, дейди у. Кўпчилик нима учун ҳибсга олинганини ҳам тушунмаган. Марказда улар деярли ҳаммани Украинадаги урушга жалб қилишга ҳаракат қилишган. Владимирнинг сўзларига кўра, улар унга фуқаролик ва баъзи имтиёзларни ваъда қилишган. Бунга рози бўлганлар ҳам бўлган.
Владимир саккиз ойни Сахаровадаги вақтинчалик ҳибсхонада ўтказди. Унинг озодликка чиқишига ҳуқуқ ҳимоячилари ёрдам беришди.
«Менга бир инспектор келиб: “Қирғизистонга учасанми?” – деб сўради. Мен: “Мен ҳатто Арктикага пингвинлар олдига бўлсаям учаман, шу ердан кетсам бўлди", дейди Владимир.
Чипта пулини унинг дўстлари йиғиб беришган. Бишкекда Владимирни “Сахарово”даги хорижлик фуқароларни вақтинча сақлаш марказининг собиқ маҳбуслари кутиб олишди. Қирғизистонда Владимир тезда иш топишга муваффақ бўлди. Энди унинг мақсади чипта учун пул йиғиб, Украинадаги синглиси ва онасининг олдига қайтиш.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар