17:02 / 30.11.2022
925

Европа Иттифоқи Украинадаги ҳарбий жиноятлар бўйича суд ташкил этиш ниятида

Европа Иттифоқи Украинадаги ҳарбий жиноятлар бўйича суд ташкил этиш ниятида
Фото: AP
Россиянинг Украинадаги тажовузини текшириш учун БМТ томонидан қўллаб-қувватланган махсус суд тузишни Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен таклиф қилди.

Европа Комиссияси (ЕК) Россиянинг Украинадаги тажовузини текшириш ва жиноий жавобгарликка тортиш учун БМТ кўмагида ихтисослаштирилган суд яратишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда 30 ноябрь, чоршанба куни Брюсселда комиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, янги тузилма яратиш истаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) билан ҳамкорликдан бош тортишни англатмайди.

«Биз ушбу ихтисослаштирилган судни энг кенг халқаро қўллаб-қувватлашга эришиш учун халқаро ҳамжамият билан ишлашни бошлашга тайёрмиз», деди фон дер Ляйен. «Россия ўзининг даҳшатли жиноятлари, жумладан, суверен давлатга қарши тажовуз учун нарх тўлаши керак», — дея қўшимча қилди у.

Еврокомиссия раҳбари Россия у келтирган вайронагарчилик учун молиявий томондан ҳам нарх тўлаши кераклигига ишонч билдирди. Украинага етказилган зарар 600 миллиард еврога баҳоланмоқда, деди у.

Москва ва рус олигархлари «Украинага етказилган зарарни ва мамлакатни тиклаш харажатларини қоплаши керак», деди фон дер Ляйен. ЕК раҳбарининг эслатишича, Европа Иттифоқи Россия Марказий банкининг 300 миллиард евролик захираларини блоклаган ва россиялик олигархларнинг 19 миллиард евролик активларини музлатиб қўйган.

«Қисқа муддатда ҳамкорлар билан биргаликда бу маблағларни бошқариш ва уларни сармояга йўналтириш учун тузилма яратишимиз мумкин. Келажакда олинган маблағларни Украина учун ишлатардик», - дея қўшимча қилди Еврокомиссия раҳбари. Россияга қарши санкциялар бекор қилингандан сўнг, маблағлар Москванинг Украинага етказилган зарарини қоплаш учун ишлатилиши керак.

«Биз буни амалга ошириш учун ҳамкорлар билан халқаро шартнома устида ишлаймиз, - деди фон дер Ляйен. - Биргаликда бунга эришишнинг қонуний йўлларини топишимиз мумкин. Россиянинг даҳшатли жиноятлари жазосиз қолмайди».

Аввалроқ, 29 ноябрь куни Берлинда бўлиб ўтган G7 йиғилиши иштирокчилари «Берлин декларацияси»ни қабул қилиб, унда Россия ва Украинадаги рус ҳарбийлари томонидан содир этилган жиноятларни янада самаралироқ тергов қилиш мақсадида G7 мамлакатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ваъда беришган эди. Мувофиқлаштиришни яхшилаш учун ҳар бир давлат халқаро ҳуқуққа қарши жиноятлар учун масъул бўлган миллий алоқа нуқтасини белгилайди.

Вазирлар нуқтайи назаридан, бир томондан, ишларнинг такрорланиши ва омон қолган гувоҳларнинг такрорий сўроқларига йўл қўймаслик учун миллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ХЖС билан ишини мувофиқлаштириш муҳимдир. Бошқа томондан, айрим жиноятларнинг жазосиз қолишига йўл қўймаслик лозим.

«Украинада содир этилган жиноятлар учун жазосиз қолиш халқаро ҳуқуқнинг тарихий мағлубияти ва қурбонларнинг бир неча бор таҳқирланиши бўлади», деди Германия адлия вазири Марко Бушман. У ва унинг ҳамкасблари «ҳарбий жиноятчиларни жавобгарликка тортиш учун ҳамма нарсани қилишига» ваъда берди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг