15:34 / 03.12.2022
1 906

Кремль Путиннинг «сафарбар этилганларнинг оналари» билан учрашувини қандай ташкиллаштиргани маълум бўлди

Кремль Путиннинг «сафарбар этилганларнинг оналари» билан учрашувини қандай ташкиллаштиргани маълум бўлди
Владимир Путин ва учрашув иштирокчилари
Фото: AP Photo

Ноябрь охирида Россия президенти Владимир Путин, расман маълум қилинганидек, «махсус ҳарбий операция иштирокчилари бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оналари» билан учрашганди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков ва ҳукуматпараст ОАВлар тадбирни «сафарбар этилганларнинг оналари» билан учрашув деб таърифлаган бўлса-да, 16 нафар иштирокчидан фақат уч нафарининг ўғиллари сафарбар қилингани маълум бўлди, деб ёзади Meduza. Бу ҳақда Кремль сайтида ва матбуотда эълон қилинган маълумотлар дарак бермоқда. Қолганлар эса «кўнгиллилар» ёки ҳарбий ходимларнинг оналари деб таништирилган.

Путин билан учрашувга таклиф этилганлар орасида мутлақо тасодифий бўлмаган «оналар» борлиги деярли дарҳол маълум бўлди. Meduza ҳисоб-китобларига кўра, 16 иштирокчидан 11 нафари ё бюджет ташкилотларида, ё ҳукуматпараст жамоатчилик ҳаракатларида ишлайди.

Масалан, улар орасида Яҳудийлар мухтор вилояти ҳукумати раиси ўринбосари, Тива Республикаси Каа-Хем тумани оила, ёшлар ва спорт бўлими бошлиғи ҳамда «Ягона Россия»нинг Москва муниципал депутати бўлган.

Мустақил бирлашмалар, масалан, Аскарлар оналари қўмитаси вакиллари учрашувга чақирилмаган.

Meduza’нинг Россия президенти маъмуриятига яқин бўлган икки манбаси ушбу учрашув қандай ташкиллаштирилгани ҳақида маълум қилди. Уларнинг айтишича, тадбир ғояси сафарбар этилганлар ва уларнинг яқинлари томонидан сафарбарликнинг бориши бўйича норозиликлар фонида пайдо бўлган. «Сафарбарлик кўпчиликка таъсир қилди, аксарият ҳали ҳам хавфсирамоқда. Президент муаммолардан хабардорлиги ва одамлар ҳақида унутиб қўймаётганини кўрсатиб бериш муҳим эди», — дея учрашув моҳиятини тушунтирди манбалардан бири.

Бироқ «керакли миқдордаги оналар»ни топиш қийин бўлиши тезда юзага чиққан: «Президентнинг ёнига кўчадан келган одамлар қўйилмайди. Улар нимадир сўраб қолиши, талаб қилиши мумкин, нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин».

«Кўчадан келмаган одамларнинг болалари эса сафарбар этилмаган», — дея қўшиб қўйди манбалардан бири.

«Сафарбар этилганларнинг оналари» иккита йўналиш бўйича қидирилган. Баъзи иштирокчиларни президент маъмурияти ходимларининг ўзлари топган: улар орасида, Meduza маълумотларига кўра, «Умумроссия халқ фронти»нинг Подмосковье бўлинмаси раҳбари Юлия Белехова ҳамда «ватанпарварлик» киноси режиссёри Олеся Шигина бўлган. Кремлдаги учрашувда Белехова ўғли сафарбар қилинганини тасдиқлаган, Шигина эса унинг ўғли кўнгилли сифатида жанг қилаётганини айтган.

Путин билан учрашувга улар президент маъмуриятининг жамоатчилик лойиҳалари бўйича бошқарма ёрдамида келган ва улар ушбу бошқарма раҳбари Сергей Новиков юритаётган лойиҳалар ҳақида гапириб берган. Аёллар президентга шундай лойиҳалар борлигини эслатиб, ундан кўмак сўраган, дея тушунтирди Meduza манбаси.

«Сафарбар этилганларнинг оналари»ни қидиришда иккинчи йўналиш эса ҳудудлар билан ишлашдан иборат бўлган. Федерал ҳукумат бир қанча ҳудудлар маъмуриятларига «тўғри келадиган аёлларни танлаб олиш»ни топширган. Учрашув қатнашчилари, ташкилотчилар ғояси бўйича, ҳукумат иерархиясига кириши ёки «қачон ва нимани гапириш кераклигини билиши» зарур бўлган.

Meduza манбасига кўра, аёлларга Путин билан учрашувга бориш эвазига ҳеч қандай моддий манфаат ваъда қилинмаган: улар, гўёки, «давлат раҳбарини кўриш» ва «ҳудудий даражада кўзга кўрисниш» имкониятининг ўзидан «руҳланган».

Ҳудудлар ҳукуматлари учун эса уларнинг тадбирда тилга олиниши муҳим бўлган. «Бу сенинг ҳудудинг ва ўзинг ҳам президент эътиборига тушиши учун керак», — дея тушунтирди Meduza суҳбатдошларидан бири.

Путин билан учрашувда иштирокчилар ҳақиқатан ҳам Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга, Тула вилояти губернатори Алексей Дюминга, Ёқутистон раҳбари Айсен Николаевга ва Яҳудийлар мухтор вилояти етакчиси Ростислав Голдштейнга миннатдорлик билдирган.

Meduza учрашув иштирокчилари билан боғланишга уриниб кўрган, бироқ уларнинг ҳеч бири қўнғироқларга ҳам, хатларга ҳам жавоб бермаган.

Эслатиб ўтамиз, учрашув Путиннинг Ново-Огарёводаги қароргоҳида бўлиб ўтган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков президент ва ҳарбий хизматчиларнинг оналари ўртасида эркин суҳбат ўтказилишини айтган.

«Шуни билишингизни истардимки, шахсан мен ва бутун мамлакат раҳбарияти сизнинг дардингизга шерикмиз. Фарзандидан айрилишни ҳеч қайси ота-она кўтара олмайди. Россия ҳукумати ҳалок бўлган аскарларнинг оналари ўзларини унутилгандай ҳис қилмасликлари учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилади. Ҳеч нарса йўқотилган ўғилнинг ўрнини босолмайди», — деди Путин.

Шунингдек, Россия раҳбари уруш майдонидаги ҳарбийларга шахсан ўзи қўнғироқ қилгани ва уларнинг муаммолари билан қизиққанини таъкидлаб, уларни қаҳрамонлар деб атаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кремль Путиннинг «сафарбар этилганларнинг оналари» билан учрашувини қандай ташкиллаштиргани маълум бўлди