12:25 / 06.12.2022
1 780

Мўғулистонда оммавий намойишлар: намойишчилар ҳукумат биносига бостириб киришга уринди

Мўғулистонда оммавий намойишлар: намойишчилар ҳукумат биносига бостириб киришга уринди
Фото: AFP
Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда учинчи кун оммавий норозилик акциялари давом этмоқда, унинг иштирокчилари амалдорларни кўмир етказиб беришда коррупция ва фирибгарликда айбламоқда - кўмир Мўғулистон бюджетидаги энг йирик манба ҳисобланади. Душанба куни намойишчилар ҳукумат биносига бостириб киришга уринишди, аммо кейин шаҳар марказий майдонини ихтиёрий равишда тарк этишди. Сешанба куни мамлакат парламенти вазият ва норозилик чиқишлари чоғида янграган айбловларни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказди.

Шанба куни норозилик акцияси иштирокчилари Мўғулистон президенти расмий қароргоҳига ҳам киришга уринишди, аммо полиция уларнинг йўлини тўсиб чиққан. Душанба куни акция қайтадан бошланди - ва куч ишлатар органлар билан тўқнашувлар келиб чиқди.

Қаттиқ совуққа қарамай (Улан-Баторда ҳаво ҳарорати - 21 даражага тушиб кетган), минглаб намойишчилар пойтахт марказий майдони Сухэ-Баторда тўпланди. ТАСС агентлиги хабар қилишича, намойишчилар майдонга олиб келувчи йўлни тўсишган ва ундаги муз шаҳарчада ўрнатилган ва похолдан ясалган арчани ёқиб юборишган. Шунингдек, улар мамлакат ҳукумати биносини штурм қилиб олмоқчи бўлишган, аммо бино ичига кирганлар қўлга олинган - кейинроқ қўйиб юборилган.

Мўғулистон пойтахти маъмурияти намойишчиларни куч билан тарқатиб юборишга қарор қилган, аммо майдонга йиғилганлар бу ерни ихтиёрий равишда тарк этишган, ТАСС хабарига кўра, улар ҳатто майдонни тозалаб кетишган.

Одамлар нимадан норози?

Намойишчилар мамлакат парламентини тарқатиб юборишни ва коррупцияда гумонланаётган юқори мартабали амалдорларни жавобгарликка тортишни талаб этмоқда.

Намойишчилар марказдаги Сухэ-Батор майдонини тўлдирган. Фото: ANADOLU AGENCY
Ноябр ойи ўрталарида Мўғулистон аксилкоррупция агентлиги 30 дан ортиқ мулозимлар, жумладан кўмир қазиб олиш билан шуғулланувчи «Эрдэнэс Таван-Толгой» давлат компанияси бош директори давлат мулкини талон-торож қилиш айби билан тергов қилинаётганини маълум қилди.

Мўғул депутатларидан бири Тогмидин Доржханд парламентдаги матбуот анжуманида Хитойга 2013 йилдан буён Мўғулистон божхонаси рўйхатидан ўтмаган 6.4 млн тонн кўмир етказиб берилгани ҳақида айтди. Унинг сўзларига кўра, кўмир ортилган юк машиналари Хитойга енгил автомобиллар учун бериладиган ҳужжатлар билан ўтган.

Мўғулистондаги «Таван-Толгой» конида кўмир захиралари тахминан 7,5 млрд тонна атрофида. Кокс (тошкўмирдан ҳавосиз қиздириб тайёрланадиган қаттиқ ёқилғи) ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган кўмир етказиб бериш саноати Мўғулистон бюджетининг асосий манбайи ҳисобланади: кўмир қазиб олиш мамлакат ЯИМининг 25 фоизини ташкил этади. Мўғулистон экспортининг 86 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади, кўмир эса бу ҳажмнинг ярмидан ортиғини ташкил этади.

Намойишчиларнинг ҳисоблашича, ноқонуний кўмир экспорти бўйича тергов нотўғри олиб борилмоқда, улар гумонланаётган мулозимларнинг шахсини очиқлашни талаб этмоқда. Кўплаб намойишчилар коррупцион схема парламент депутатлари гуруҳини ҳам қамраб олганига амин. «Эрдэнэс Таван-Толгой» компанияси вакиллари ҳозирча айбловлар юзасидан муносабат билдирмади.

ТАСС агентлиги аниқлик киритишича, намойишлардан кейин мамлакат ҳукумати намойишлар билан мулоқот учун ишчи гуруҳ тузишга қарор қилган. «Бугунги кунда 15 нафарга яқин амалдор тергов қилинмоқда. Ҳукумат шикояти асосида ҳукумат, вазирликлар ва идоралар вакиллари тергов қилинмоқда», деган Мўғулистон ҳукумати бош котиби ва ҳукмрон Мўғулистон халқ партияси раҳбари Дашзэгвийн Амарбаясгалан.

Намойишчилар ҳукумат биносига бостириб киришга уринган. Фото: ANADOLU AGENCY
Бошқа мамлакатлар қатори Мўғулистонда ҳам Россиянинг Украинага босқинидан кейин инфляция кескин кўтарилган: ҳозирда бу кўрсаткич 15,2 фоизни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, Мўғулистонда бир неча йилдан буён сиёсий ва иқтисодий беқарорлик кузатилмоқда. 2021 йилда мамлакатнинг ҳозирги президенти Ухнаагийн Хурэлсух коронавирусга чалинган аёлнинг даволаниши билан боғлиқ можаро ортидан бош вазирликдан истеъфо беришга мажбур бўлганди. Ўшанда эндигина туғган аёлни халат ва шиппакда ҳолида машинага солиб олиб кетишгани хабар қилинганди.

Шундан бир неча ойдан кейин ўтказилган президентлик сайловларида Ухнаагийн Хурэлсух 70 фоиз атрофида овоз олиб ғолиб чиққанди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мўғулистонда оммавий намойишлар: намойишчилар ҳукумат биносига бостириб киришга уринди