20:19 / 08.12.2022
1 154

АҚШ Сенати қўмитаси Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди

АҚШ Сенати қўмитаси Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди
Фото: Reuters
Путиннинг мақсади - Украина халқининг мавжудлигига барҳам бериш, дейди сенатор Жим Риш. Сенат Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларини Украинани қўллаб-қувватлашга ва бу мамлакатдаги ҳарбий жиноятларни тергов қилишга чақирди.

7 декабрь, чоршанба куни АҚШ Сенати халқаро алоқалар қўмитаси Россиянинг Украинага қарши ҳаракатларини Украина халқининг геноциди сифатида тан оладиган резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат Россия Федерациясини ушбу мамлакатга ҳарбий бостириб кириши пайтида «Украина халқига қарши геноцид актларини содир этгани учун» қоралайди, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Украина ҳукуматини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ва «бу даҳшатли жиноятлар учун жавобгарлар шахсларни жазога тортишга қаратилган терговларни олиб боришга» чақиради.

«Путин ўз ҳаракатлари билан ўз мақсади - Украина халқининг мавжудлигига чек қўйиш эканини жуда аниқ кўрсатди. Мен шахсан Ирпен ва Киев вилоятининг бошқа ҳудудларида унинг шафқатсизлигининг далилини кўрдим», деди резолюция муаллифларидан бири бўлган республикачи сенатор Жим Риш.

Яна бир ҳаммуаллиф, демократ сенатор Бен Кардин «Путиннинг ноқонуний ва асоссиз уруши давомида Украина халқига қарши содир этилган жиноятлар сон-саноқсиз халқаро конвенцияларни бузади ва фақат геноцид сифатида тавсифланиши мумкин», деди.

Резолюция АҚШ президенти Жо Байденни Украина халқининг геноцидига алоқадор шахсларга қарши «Магнитский акти» бўйича санкциялар қўллашни таклиф қилади.

Халқаро жиноий суд Украинада содир этилган ҳарбий жиноятларни тергов қилмоқда. Россия ўз ҳарбийлари Украинада тинч аҳолини ўлдирганини рад этади. Қотилликлар ҳақидаги маълумотни тарқатиш Россияда маҳаллий армияга қарши фейклар тўғрисидаги модда бўйича жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилиши мумкин.

Аввалроқ бир қатор давлатлар парламентлари Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши муносабати билан Россияни терроризм ҳомийси ёки террорчи режим деб эълон қилган эди. Худди шундай резолюция Европа парламенти томонидан ҳам маъқулланган. Шунга ўхшаш ҳужжатлар аллақачон АҚШ Конгрессига бир неча бор киритилди, аммо уларнинг ҳеч бири ҳали қабул қилинмаган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг