07:45 / 09.12.2022
994

Беларусда давлатга хиёнат қилганлар ўлимга ҳукм қилиниши мумкин

Беларусда давлатга хиёнат қилганлар ўлимга ҳукм қилиниши мумкин
Беларусь халқ вакиллари палатаси амалдор ва ҳарбийларнинг давлатга хиёнати учун ўлим жазосини белгилаш назарда тутилган қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу меъёр мамлакат жиноят кодексининг учта моддасига ўзгартириш киритилишига олиб келади.

Минск ушбу лойиҳа терроризм ва экстремизмга қарши янада самарали курашишга ёрдам беришига ишонмоқда. Бундан ташқари, мазкур қонун Беларусь фуқароларининг хорижий махсус хизматлар томонидан ёлланишига халал бериши мумкинлиги айтилмоқда.

Беларусь Европа ва постсовет ҳудудида ўлим жазоси қўллашда давом этаётган ягона давлат саналади. Белоруслар бу жазонинг сақлаб қолинишини ёқлаб, 1996 йилги референдумда овоз берганди. Шундан кейин ҳуқуқ ҳимоячилари буни бекор қилишга бир неча бор чақирган бўлса-да, ушбу масала бўйича бошқа референдум ўтказилмади.

Мамлакатда ўта оғир жиноятлар учунгина ўлим жазоси қўлланилиши мумкин. Шу билан бирга аёллар, вояга етмаганлар ва 65 ёшдан ошганларга бу чора қўлланилмайди. Аммо ҳукумат ЖКда ўлим жазосини қўллаш мумкин бўлган моддаларни кўпайтирмоқда.

Жорий йил май ойида Александр Лукашенко “террорчилик актини содир этишга ҳаракат қилган”лик учун ўлим жазосини тайинлаш хақидаги қонунни имзолаганди. Унга кўра, хорижий давлат ва халқаро ташкилот вакилларига урушни қўзғаш мақсадида қилинган суиқасд ўлим билан жазоланади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг