10:40 / 09.12.2022
1 545

Россия ЗАЭС қувват блоки яқинида «Град» реактив тизимини ўрнатди

Россия ЗАЭС қувват блоки яқинида «Град» реактив тизимини ўрнатди
Фото: Picture Alliance
Россия ҳарбийлари эгаллаб олинган Запорижжя атом электр станциясига бир нечта «Град» ялпи ўт очиш реактив тизимларини олиб келди. Бу ҳақда Украинанинг «Энергоатом» корхонаси Атом энергияси бўйича халқаро агентликни (АЭХА) хабардор қилди.

Украина томонига кўра, ялпи ўт очиш реактив тизимлари 6-энергоблок яқинида, авваллари яширин режимда қандайдир «ҳимоя иншоотлари» қурилган, фойдаланилган ядро ёнилғисини қуруқ сақлаш омбори ҳудуди ёнида жойлашган.

«Бўлажак провокация бу Днепрнинг қарама-қарши қирғоғини, хусусан Никопол ва Марганец шаҳарларини тўғридан тўғри Запорижжя АЭС участкасидан «Град» қурилмалари билан энергия блокларининг «қопқоғи» ва ишлатилган ядровий ёнилғи омборидан фойдаланган ҳолда ўққа тутишдир», — дейилади «Энергоатом» матбуот хизмати хабарида.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик жорий йил охиригача Россия Федерацияси ва Украина билан Запорижжя атом электр станциясида хавфсизлик зонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришишга умид қилаётганди. Бу ҳақда АЭХА бош директори Рафаэл Гросси айтиб ўтганди.

«Мен вазиятга имкон қадар тезроқ ечим топишга интиламан. Умид қиламанки, йил охиригача», - деди Гросси Италиянинг La Repubblica газетасига берган интервьюсида.

Шу билан бирга, у Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ва Володимир Зеленский билан учрашиш мумкинлигини истисно этмади.

«Бизнинг мақсадимиз – у ёки бу томонга фойда келтирадиган ҳарбий вазият яратмаслик, ядровий авариянинг олдини олиш», — деди Гросси.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг