16:49 / 12.12.2022
1 962

Россияда фуқаро Зеленский ҳақидаги тушини айтиб бергани учун жаримага тортилди

Россияда фуқаро Зеленский ҳақидаги тушини айтиб бергани учун жаримага тортилди
Россиянинг Байкалорти ўлкаси, Чита шаҳри марказий округ суди маҳаллий фуқаро Иван Лосевни Россия армиясини «обрўсизлантириш» ҳақидаги маъмурий модда бўйича 30 минг рубль (5,4 миллион сўм) миқдорида жаримага тортди. Бунга Лосевнинг ижтимоий тармоқлардаги постлари асос бўлган, улар орасида фуқаронинг Украина президенти Владимир Зеленский ҳақидаги тушини айтиб берган пост ҳам бор.

Читалик фуқаро томонидан Instagramда айтиб берилган туш сафарбарлик ҳақида эди. Лосевнинг сўзларига кўра, тушида уни тайёрлов лагерига олиб боришган, у ерга Украина президенти бошчилигидаги Украина Қуролли кучлари бостириб кирган. «Улар ҳаммани боғлаб қўйишди, отиб ташламоқчи бўлишди ва шу пайт ёнимга Зеленский келиб, шундай деди ‘Оҳ, мен Instagram’даги stories’ингизни кўрганман, Украинага шон-шарафлар!’ Мен унга жавобан: ‘Қаҳрамонларга шон-шарафлар!’ дедим. Зеленский мамнунлик билан елкамни қоқиб: ‘Хўш, уни қўйиб юборинг, қолганларни отиб ташланғ деди», — деб ёзган Лосев.

У ижтимоий тармоқда ёзган бошқа «кескинроқ нарсалари» маъмурий ишга асос қилинмаганидан ажабланганини айтди. «Иш қўзғатиш учун олтита асос қайд этилди. Мен буни ақлимга сиғдиролмайман: 40 ёшли ФХХ ходими ўтирибди ва жиддий қиёфада Зеленский тўғрисида қандай туш кўрганим ҳақидаги stories’имни печат қиляпти?! Бу аҳмоқлик. Ўзимизни шарманда қилмаслик учун ҳеч бўлмаганда Зеленский билан боғлиқ тушни ишдан олиб ташласа бўларди», — деди Лосев «Сибир.Реалии» нашрига берган интервьюсида.

Лосевнинг тахминича, июль ойидан бошлаб унинг ортига тушишган. Иш материалларига кўра, сентябрь ойи охирида Байкалортидан ФХХнинг кичик терговчиси Данилов Лосев устидан қораловчи маълумот ёзиб, унга фуқаро постларининг босма нусхаларини илова қилган. 7 декабрь куни иш материаллари судга тақдим этилган, эртаси куни эса судья жарима тўғрисида қарор чиқарган. Шу билан бирга, Лосевнинг ўзи суд мажлисига келмаган, чунки у мажлиснинг аниқ вақти ҳақида огоҳлантирилмаган, суд сайтида эса ўша куни техник носозликлар кузатилган, деб ёзади «Сибир.Реалии».

Лосев нашрга маъмурий иш очилганига қарамай, ижтимоий тармоқларда ёзишда давом этишини айтди. «Мен қочишим керак ёки қочиб кетишга улгурмасам, қамоққа ташлашади, деган потенциал фикрларни аллақачон бостирганман. Менимча, уруш тугаш арафасида ва Россия фойдасига тугамайди. Ишончим комилки, Украина ғалаба қозонади. Украина ғалаба қозониши биланоқ, ҳозир «фейк» хабарлар учун қамоқда ўтирган одамларнинг барчаси озод қилинади ёки қандайдир тарзда декриминаллаштирилади», — деди Лосев.

Украинада уруш бошланганидан бир неча кун ўтгач, Россияда армиянинг «обрўсизланиши» ҳақидаги модда пайдо бўлди. Бу модда бўйича аллақачон бир неча минг протоколлар тузилган.

Армияни такроран «обрўсизлантириш» жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Ҳозирча бу борада фақат битта жиноий иш маълум, унинг айбланувчиси сиёсатчи Евгений Ройзман. Иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, Ройзманга профилактика чораси сифатида жамоат жойларига бориш ва интернетдан фойдаланиш тақиқланган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг